Чиқиндидан қарздор истеъмолчиларнинг “свет”и узиб қўйилмайди
Жамият
−
29 Октябрь
9843Ижтимоий тармоқларда 1 ноябрдан чиқинди хизмати учун қарзи бор истеъмолчилар электр энергиясидан узилиши ҳақида хабарлар тарқалди. "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бундай хабарларни рад этиб, бундай узилишлар амалга оширилмаслигини маълум қилди.
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ чиқинди хизмати учун қарздор истеъмолчилар электр таъминотидан узилиши ҳақидаги хабарлар асоссиз дея таъкидлади.
Маълум қилинишича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан чиқинди хизматида қулайлик яратиш мақсадида янги “Тоза Макон-биллинг” дастурий комплекси ишга туширилиши муносабати билан 31 октябрдан 5 ноябргача профилактик ишлар олиб борилади.
Шу билан бирга, агентлик мазкур вақт оралиғида чиқинди хизмати бўйича тўловлар ҳамда шахсий маълумотлар ўзгартирилишида вақтинчалик техник узилишлар бўлиши мумкинлигини хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 26 сентябрь куни қабул қилинган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилганди. Олдинроқ эса 2024 йил 1 июндан Ўзбекистонда чиқинди олиб чиқиб кетиш бўйича қарздорлик юзага келган тақдирда истеъмолчи электр энергияси учун пул тўлай олмаслиги хабар қилинганди. Бунда 2024 йилнинг 1 июнидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун, 2024 йилнинг 1 ноябридан республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун, 2025 йилнинг 1 январидан эътиборан эса республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 1 ойлик қарздорлик учун электр энергиясига тўловни амалга оширишда чекловлар ўрнатилади.
LiveБарчаси