Chevrolet Ўзбекистон бозоридаги улушини йўқотмоқда
−
14:55 818 3 minutes
2026 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистонда янги автомобиллар савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 фоизга камайди. Шу билан бирга, бозорда Хитой брендларининг улуши ортиб, уларнинг савдоси қарийб ярим баробарга ўсди. Бу ҳақда Автомобиль бизнеси ассоциацияси хабар қилди.
Ассоциация ҳисоботида келтирилишича, йилнинг дастлабки 10 ойида жами 318 минг 949 дона янги автомобиль сотилган. Бу 2025 йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 22 минг 257 донага кам. Октябрь ойида эса автомобиль савдоси бироз жонланган. Хусусан, ой давомида 36 минг 176 дона янги автомобиль сотилган. Бу ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан 12 фоизга кам бўлса-да, сентябрь ойидаги натижадан 6,3 фоизга юқори.
Брендлар бўйича ойлик савдо натижалари бир хил бўлмаган. Сентябрь ойига нисбатан Soueast савдоси 75,3 фоизга, Geely 29,8 фоизга, Chevrolet 13,4 фоизга ва Chery 9,1 фоизга ошган. Аксинча, Deepal савдосида 62,7 фоизлик пасайиш кузатилган. Changan 61,3 фоиз, Li Xiang 51,4 фоиз ва Haval 47,1 фоиз камроқ автомобиль сотган.
Автомобиль моделлари кесимида эса ўсиш ва пасайиш мутлақ сонларда ҳам сезиларли фарқ қилган. Жумладан, Cobalt савдоси 2 минг 175 донага, Damas 1 минг 843 донага кўпайган. Хитой автомобиллари орасида BYD Song Plus DM-i Champion савдоси 496 донага, BYD Yuan Up DM-i 246 донага, Soueast S08 DM эса 195 донага ошган.
Савдоси энг кўп қисқарган моделлар рўйхатида BYD Chazor Champion биринчи ўринда турибди. Ушбу автомобиль савдоси 820 донага камайган. Кейинги ўринларда Kia Sonet (−506 дона), Tracker (−456 дона), Haval Jolion (−325 дона) ва Labo (−268 дона) жойлашган.
Бозордаги брендлар улуши бўйича Chevrolet ҳамон катта фарқ билан етакчилик қилмоқда. 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида компания умумий бозорнинг 74 фоизини эгаллаган. Бироқ бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,8 фоиз пунктга пасайган.
ADM Global 12,3 фоиз улуш билан иккинчи ўринни эгаллаган ва бир йилда ўз улушини 1,5 фоиз пунктга оширган. BYD эса 10,7 фоиз улуш билан учинчи ўринга кўтарилган. Компаниянинг бозордаги улуши ўтган йилга нисбатан 5,1 фоиз пунктга ўсган.
Ҳисоботда автомобиль бозоридаги муҳим ўзгаришлардан бири сифатида Хитой брендлари мавқеининг кучайиши ҳам қайд этилган. Ўн ой якунларига кўра, уларнинг умумий бозордаги улуши 18,4 фоизга етган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 6,8 фоиз пунктга кўп. Қизиғи, умумий автомобиль бозори қисқарган бир пайтда Хитой автомобиллари савдоси 48,2 фоизга ўсган.
Ҳудудлар бўйича энг катта савдо ҳажми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган – 92 минг 567 дона. Самарқанд вилоятида 25 минг 899 дона, Фарғона вилоятида эса 25 минг 132 дона янги автомобиль сотилган.
Энг кам савдо Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилоятида қайд этилган. Ушбу ҳудудларда мос равишда 9 минг 384 ва 4 минг 952 дона янги автомобиль харид қилинган.
Live
All