Чехия собиқ бош вазири митингда бошидан таёқ еди
Олам
−
02 Сентябрь 4569 2 дақиқа
Кеча, 1 сентябрь куни Чехия мухолифати етакчиси ва мамлакатнинг собиқ бош вазири Андрей Бабишнинг бошига сайловолди митинги чоғида металл қўлтиқтаёқ билан зарба берилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Бабиш ҳодисадан сўнг текшириш учун шифохонага олиб кетилган ва аллақачон уйига жавоб берилган. Шунингдек, худди шу сабаб билан шахси аниқланмаган бир аёл ҳам шифохонага ётқизилгани қайд этилган.
“Ҳужумчи полиция томонидан қўлга олинди. Ҳужумнинг сабаблари номаълумлигича қолмоқда. Бабишга қилинган ҳужум кенг қоралашга сабаб бўлди, унинг партияси эса ҳукуматни нафрат қўзғатишда айблади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳодиса пойтахт Прагадан 376 км узоқликда жойлашган Добра шаҳридаги митингда содир бўлган. Унда Бабиш билан бирга бўлган яна бир депутат Алеш Юхелка партия етакчиси бошига бир неча зарба олганини маълум қилган. Уни машинада шифохонага олиб боришган. У ерда шифокорлар компьютер томографияси ўтказиб, кейин уйига жавоб берган.
“Гумонланувчи митингда бўлган полиция ходимлари томонидан “ҳужумдан кейин дарҳол” ҳибсга олинган. Иш “жамоат тартибини бузиш” сифатида тергов қилинмоқда, зарурат туғилганда тергов кенгайтирилиши мумкин”, дея баёнот берган полиция.
Маълумот учун, Бабиш 2017 йилдан 2021 йилгача Чехия бош вазири лавозимида ишлаган. Унинг ўринбосари Алена Шиллерова ҳужум сабабини “ҳокимиятдаги партиялар тарқатаётган нафрат” билан изоҳлаган.
“Бу уларнинг қўрқув ва келишмовчиликка асосланган кампаниясининг оқибатидир”, дейди у.
Амалдаги Бош вазир Петр Фиала Бабишга тезроқ соғайиб кетишини тилаган ва ўз партиясининг сайловолди митингида “сиёсатда зўравонликка ўрин йўқ”лигини таъкидлаган. Қайд этиш жоиз, Чехияда 3-4 октябрь кунлари умумий сайловлар бўлиб ўтади.
Live
Барчаси