Киевликлар Кличконинг истеъфосини талаб қилиб, митингга чиқди

Олам

−

image

Бугун, 17 октябрь куни Украина пойтахти марказидаги Киев шаҳар давлат маъмурияти биноси олдида шаҳар мэри Виталий Кличконинг истеъфосини талаб қилиб митинг ўтказилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Қайд этилишича, бир неча юз нафар намойишчи Киев раҳбариятини куз-қиш мавсумига ёмон тайёргарлик кўрганлик, коммунал сиёсат, яшил ҳудудлардаги ноқонуний қурилишлар ва бошпаналар билан боғлиқ муаммолар учун танқид қилган. Параллель равишда майдонда шаҳар ҳокимини қўллаб-қувватловчилар гуруҳи ҳам тўпланган.

Виталий Кличко аввалроқ Украина марказий ҳокимияти маҳаллий ўзини ўзи бошқаришни йўқ қилиш учун шаҳар маъмуриятига қарши ахборот кампанияси ташкил этганини ва шаҳар эҳтиёжлари учун молиялаштиришни блоклаётганини маълум қилган.

Олий Рада депутатлари олдида сўзга чиққан мэр пойтахт ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишидаги узилишлар ва уни мустаҳкамлаш учун ажратилган миллиардлаб гривналарнинг сарфланиши сабаблари ҳақидаги саволларга жавоб беришга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 октябрь куни шаҳар ҳокими инфратузилмага етказилиши мумкин бўлган зарарлар туфайли сув таъминоти тизимидаги кенг кўламли инқироз хавфи сабабли аҳолига шаҳарни вақтинча тарк этишни тавсия қилган эди.

Украина Президенти офиси ва Киев мэри маъмурияти ўртасидаги очиқчасига қарама-қаршилик қишги даврда муҳим энергетика ва коммунал инфратузилманинг шикастланиш хавфлари фонида давом этмоқда.

Украина пойтахтидаги шаҳар ҳимоя иншоотларининг (бошпаналар ва бомбапаноҳларнинг) хавфсизлиги ва тайёргарлиги муниципал ва марказий тузилмалар ўртасидаги тизимли текширувлар ҳамда ўзаро айбловлар мавзусига айланмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг