Чавушўғли Блинкен билан АҚШ ва Туркия муаммолари ҳақида гаплашиб олади
Олам
−
18 Май 2022
4423Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бугун, 18 май куни Нью-Йоркда “Стратегик мулоқот механизми”нинг биринчи Анқара-Вашингтон вазирлар йиғилиши доирасида учрашади. Ушбу механизм келишмовчиликларни бартараф этиш ва ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ишга туширилди. Бу ҳақда “Анадолу” ёзмоқда.
Таъкидланишича, Чавушўғли ва Блинкен иқтисодий ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, терроризмга қарши кураш, мудофаа соҳасида шериклик масалаларини муҳокама қилади, минтақавий кун тартибининг асосий жиҳатлари юзасидан фикр алмашади.
Вашингтон ва Анқара ўртасидаги асосий келишмовчилик АҚШ томонидан PKK террорчи ташкилотининг Суриядаги қаноти бўлган YPG'га кўрсатилаётган ёрдамга тааллуқлидир. АҚШнинг Суриядаги террор ташкилотлари билан ҳамкорлиги Туркия билан муносабатларни жиддий совуқлаштирган.
Шунингдек, Анқарада Америка расмийларининг FETO террорчилик ташкилотига нисбатан позицияси ҳамда Россиянинг С-400 ҳаво мудофаа тизимларини Туркияга етказиб беришга салбий муносабати танқид қилинмоқда.
Қайд этилишича, Вашингтондаги Турк-Америка музокараларида кўтарилиши мумкин бўлган яна бир мавзу Туркия ва Арманистон ўртасидаги мулоқотдир.
Таъкидланишича, Чавушўғли Нью-Йоркка ташрифи доирасида БМТ Бош Ассамблеяси шафелигида илк бор ўтказиладиган Халқаро миграция форумида ҳам иштирок этади.
Аввалроқ, Туркия Финляндия ва Швециянинг Шимолий Атлантика иттифоқига киришини маъқуллаш учун F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш дастурига киритилишини кутаётгани ҳақида хабар бергандик.
LiveБарчаси