Туркия ниманинг эвазига Финляндия ва Швецияни НАТОга қўшилишини маъқуллаши айтилди
Олам
−
18 Май 2022
18534Туркия Финляндия ва Швециянинг Шимолий Атлантика иттифоқига киришини маъқуллаш учун F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш дастурига киритилишини кутмоқда. Бу ҳақда кеча, 17 май куни “Bloomberg” манбаларига таяниб хабар берди.
Вашингтон аввалроқ Туркияга Россиядан С-400 зенит-ракета комплексларини сотиб олгани учун Анқарани АҚШнинг F-35 бешинчи авлод қирувчи-бомбардимончи самолётлари дастуридан чиқариб ташлаган эди.
Нашрнинг ёзишича, Анқара, шунингдек, НАТО аъзолигига ҳар қандай янги номзод ҳам Туркия ичида, ҳам Сурия ва Ироқдаги курд жангарилари билан боғлиқ хавотирларини тан олишини истамоқда. Туркия Швеция ва Финляндиядан нафақат Курдистон Ишчилар партияси (КИП)ни, балки унинг бўлинмаларини ҳам альянсга қўшилишига рухсат беришдан аввал очиқдан-очиқ қоралашини хоҳлаяпти.
Бундан ташқари, Анқара Швеция ва Финляндия Туркиянинг 2019 йилда Суриядаги ҳарбий ҳаракатларидан кейин Европа Иттифоқининг бир қанча бошқа аъзолари билан бирга қурол экспортига қўйган чекловлар бекор қилинишига эришмоқчи.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.
“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.
Финляндия ва Швеция Россиянинг Украинага ҳужуми фонида узоқ муддатли бетарафликдан воз кечиш ва НАТОга қўшилиш имкониятлари ҳақида гапира бошлади.