Швецияда Нобель мукофоти эгаларига топширилди
Олам
−
10 Декабрь 2024
6023Швеция қироли Карл XVI Густав Швеция пойтахти Стокгольм шаҳри филармониясида физиология, тиббиёт, физика, кимё, адабиёт, иқтисодиёт ва тинчлик бўйича 2024 йилги Нобель мукофотларини топширди. Тадбир давомида 11 нафар лауреатга олтин медаллар ва дипломлар тақдим этилди. Бу ҳақда Нобель фонди сайтида эълон қилинди.
Қайд этилишича, Нобель фонди бошқарув раиси Астрид Сёдерберг Виддинг маросимни очиб, фан ва адабиёт инсоният олдидаги мураккаб муаммоларни ҳал қилиш йўлида катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. У, шунингдек, илм-фан ривожи учун халқаро ҳамкорлик ва ишонч муҳимлигини қайд этган. Тадбирда лауреатлар анъанавий тарзда гул билан безатилган саҳнага чиқиб, мукофотларини қабул қилган.
2024 йилги лауреатлар ва йўналишлари:
- Физиология ва тиббиёт: Виктор Амброс ва Гари Равкин (АҚШ) - ген фаолиятини тартибга солувчи микро-РНК молекулаларини кашф қилгани учун.
- Физика: Жон Хопфилд (АҚШ) ва Жеффри Хинтон (Канада) – сунъий нейрон тармоқлари орқали машиналарни ўқитиш бўйича ишлари учун.
- Кимё: Девид Бейкер, Жон Жампер (АҚШ) ва Демис Хассабис (Буюк Британия) – оқсил тузилмалари моделлаштириш ва прогноз қилиш учун.
- Адабиёт: Хон Ган (Жанубий Корея) – тарихий травмалар ва инсон ҳаётининг мўртлиги ҳақида шеърий прозаси учун.
- Иқтисодиёт: Дарон Ажемоғлу, Саймон Жонсон, Жеймс Робинсон (АҚШ) – миллатлар фаровонлиги сабабларини ўрганиш учун.
- Шунингдек, тинчлик бўйича Нобель мукофоти Норвегиядаги “Nihon Hidankyo” уюшмасига берилган. Улар “ядровий қуролсиз дунё” учун олиб борган саъй-ҳаракатлари учун тақдирланган.
Маросимдан сўнг лауреатлар ва меҳмонлар учун Стокгольм шаҳрининг шаҳар ҳокимлигида анъанавий зиёфат ташкил этилган.
LiveБарчаси