НАТО денгиз дронлари флотини тузишни бошлади
Олам
−
04 Декабрь
911Шимолий Атлантика альянси (НАТО) Болтиқ ва Ўртаер денгизидаги муҳим сувости инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун махсус денгиз дронлари флотини яратишни бошлади. Бу ҳақда НАТОнинг бирлашган қуролли кучлари трансформацияси бўйича олий қўмондон, адмирал Пьер Ванде “Defense News” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Адмиралнинг сўзларига кўра, бу ташаббус сўнгги бир йил ичида Европа сувларида бир неча марта сувости кабеллари шикастлангани сабабли пайдо бўлган. Хусусан, сўнгги бир неча ҳафта ичида содир бўлган икки ҳолат альянс раҳбариятини сув ости ва устки қисмни узлуксиз кузатиш имконини берувчи тизим яратиш ҳақида ўйлашга ундаган.
Ванде бу ташаббусни жиноятчилик даражаси юқори бўлган ҳудудларда жиноятларни қайд этиш учун ўрнатилган кузатув камераларига қиёслаган.
“Технологиялар бу каби тизимни ерусти ва сувусти дронларидан фойдаланган ҳолда амалга оширишга имкон беради”, деди адмирал.
Ҳозирда бу лойиҳа илк босқичда бўлиб, дастлабки қадамлар асосан сувустини кузатишга қаратилади, кейинчалик эса сувостидаги кузатув имкониятлари кенгайтирилади. Лойиҳани НАТОнинг денгиз кучлари марказий қўмондонлиги ва альянснинг оператив штаби кучли қўллаб-қувватлаган.
“Бу лойиҳа ҳозирча номга эга эмас, шунчаки “Ерусти дронлари флоти” деб номланмоқда. Аслида бундай лойиҳа аллақачон мавжуд, шунинг учун хавфлар минимал. АҚШ 2021 йилда Форс кўрфазида ташкил этилган 59-оператив гуруҳни бир неча йилдан буён муваффақиятли қўллаб келмоқда”, дея қўшимча қилди Ванде.
НАТОнинг янги дрон флотини 2024 йил июнь ойида Нидерландияда бўлиб ўтадиган альянс саммитигача ишга тушириш режалаштирилган.
“Сўнгги бир ойдаги интернет кабелларининг шикастланиши бизнинг бу каби лойиҳаларни жадаллаштиришимиз зарурлигини кўрсатади”, деди адмирал.
Маълумот учун, жорий йилнинг ноябрь ойида Болтиқ денгизида Финляндия ва Германия орасидаги C–Lion1 кабели ва Литва билан Швеция орасидаги алоқа кабели шикастланди. Техник ходимлар буни тасодифий ҳолат эмас, балки атайлаб қилинган диверсия бўлиши мумкин деб тахмин қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО Болтиқ денгизидаги вазиятни доимий кузатиш учун мўлжалланган янги ҳарбий-денгиз штабини очган эди.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь