“Charlie Hebdo”нинг собиқ таҳририяти яқинида 4 киши пичоқланди. Журнал Муҳаммад (с.а.в.)ни мазах қилганди
Олам
−
25 Сентябрь 2020
14846Бугун, 25 сентябрь куни номаълум шахс пичоқ билан Парижнинг 11-округидаги жанжалли машҳур "Charlie Hebdo" сатирик ҳафталик нашри собиқ таҳририяти ёнида тўрт кишини яралади. Бу ҳақда Франция маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Жиноятчи қочишга муваффақ бўлди, икки ярадорнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Метрополитен полицияси воқеа содир бўлган жойда шубҳали пакет топилгани ҳақида хабар берди.
Ҳокимият аҳолини Франция пойтахтининг ушбу туманига бормасликка чақирди.
Бироқ, тез орада полиция ҳужумчининг ҳибсга олингани ҳақида эълон қилди. Унинг шахси ва воқеа сабаблари ҳанузгача номаълум.
Франциянинг "Charlie Hebdo" сатирик ҳафталик нашри 2015 йил январь ойида таҳририятга қилинган ҳужумга сабаб бўлган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураларини жорий йилнинг 1 сентябрь куни қайта чоп этди. Нашр буни 12 кишининг ўлимига сабаб бўлган теракт бўйича суд жараёни бошланиши арафасида амалга оширди.
Гап шундаки, бундан 5 йил аввал "Charlie Hebdo" журнали Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳажв қилиб чиққани учун, таҳририят террорчилик ҳаракати нишонига айланган эди. Унда 12 киши қурбон бўлди.
Ҳужум 2015 йилнинг 7 январь кунига тўғри келган.
2 сентябрь куни Францияда илк ҳужум билан боғлиқ суд иши бошланди. Унда 14 гумондор ҳозир бўлди. Суд тингловчи 10 ноябрга қадар давом этади.
"Charlie Hebdo” журналида муқаддас Ислом динининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураси чоп этилиши мусулмон мамлакатларнинг Францияга қарши эътирозига сабаб бўлиб, зиддиятларни оширмоқда. Бунга нисбатан Туркия ва Эрон муносабат билдирди.
Президент Эммануэль Макрон таҳририят ҳаракатларини сўз эркинлигининг ифодаси деб атади.
LiveБарчаси