“Чақалоқлар метрода туғиляпти”. Россиянинг Украинага тажовузи устидан халқаро суд иш бошлади
Олам
−
07 Март 2022
6408Бугун, 7 март куни Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Суди Украинанинг Россияга қарши даъвосини кўриб чиқишни бошлади.
Қайд этилишича, даъво мавзуси – Россия томони Украинага қарши бир неча бор қўзғатган геноцид айбловлари.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг 26 февраль куни Украина Россиянинг бунга ваколати йўқлигини айтиб, судга мурожаат қилганди. Киев, шунингдек БМТ судидан шошилинч вақтинчалик чоралар кўришни ва Россияни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга мажбур қилишни сўраган. Бироқ Россия вакиллари судда иштирок этишдан бош тортган.
Гаагадаги Халқаро судда Украина вакили Антон Кориневич иштирок этиб, Украинадаги бугунги вазиятга баҳо берди.
“Биз бугун “Тинчлик саройи” деб номланган бинодамиз, лекин ўз уйимга, юртимга уруш таҳдид солмоқда. Мен Катта Адлия залида турибман, юртдошларим эса фақатгина адолатсизликни, шаҳар ва вилоятларимизга тушаётган рус бомбалари ва ракеталарини кўришяпти.
Мен суд олдида турган вақтим украиналиклар ҳалокатли ҳужум остида, миллионлаб одамлар хавф остида. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили тинч аҳолининг ҳалок бўлаётгани ҳақида хабар бермоқда. Россиянинг Украинага ҳужуми 1,5 миллиондан ортиқ одамни мамлакатни тарк этишга мажбур қилди. 15 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этиб, Киев метросидан бошпана топган, уларнинг кўпчилиги аёллар ва болалар. Метрода чақалоқлар туғилмоқда, чунки шифохоналар ёпилмоқда. Буларнинг барчаси украиналиклар дуч келаётган кундалик муаммолардир”, дейди Киев вакили.
Унинг сўзларига кўра, Украина биринчи маротаба Россия томонидан тажовузга дуч келаётгани йўқ.
“Россия делегациясининг (суддаги) ўриндиқлари бўш. Улар ушбу судда йўқ. Улар менинг мамлакатимга қарши агрессив уруш бўлаётган жанг майдонида. Россия келишмовчиликларни шундай ҳал қилади. Аммо Украина бошқача позицияни эгаллайди, шу сабаб, миллий қонунларни ва ушбу судни ҳурмат қилади.
Шунга қарамай, Россия халқаро ҳуқуқ муҳимлигини билади, акс ҳолда нега у ўзининг тажовузкорлигини оқлашга ҳаракат қилсин? Россияга кўра, ушбу уруш геноцидни тўхтатиш. Мен Россия Президентининг Украинага бостириб киришга буйруқ берганида айтган сўзларини келтираман: биз бу даҳшатли тушни, геноцидни тўхтатишимиз керак. Урушдан мақсад одамларни геноциддан ҳимоя қилиш эмиш. Бу даҳшатли ёлғон! Путин ёлғон гапиряпти, украиналиклар, фуқароларимиз ўлмоқда”, дея сўзида давом этган Антон Кориневич.
Унинг таъкидлашича, геноцидни уюштираётган Украина эмас, балки Россия. Унинг раҳбарияти ва ҳарбий хизматчилари Украина ҳудудида инсониятга қарши жиноятлар содир этмоқда.
“Охирги икки ҳафта ичида кўп одамлар Иккинчи жаҳон уруши ҳақида эслашди. Россия Украинани “инкор этаман” деб, Холокост хотирасини таҳқирламоқда.
Дарҳақиқат, Иккинчи Жаҳон урушини эслаш ўринли, аммо ушбу урушда украинлар ва руслар биргаликда курашганини ҳамда жаҳолатни тўхтатиш учун бирга ҳалок бўлганини ёдда тутишимиз керак”, дейди Киев вакили.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 февраль куни Украина Россияга қарши даъво аризаси билан Гаагадаги Халқаро судга расман мурожаат қилганди.
Халқаро Суд Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) асосий суд органи ҳисобланади. У Гаагадаги (Нидерландия) Тинчлик саройида жойлашган бўлиб, 1946 йилдан бери фаолият юритади ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий низоларни ҳал қилади.
Давлатлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқишда суд очиқ суд мажлисларини ўтказади, унда тарафларнинг вакиллари ва адвокатлари сўзга чиқади, сўнгра ишни ёпиқ мажлисларда муҳокама қилади ва қарор чиқаради. Ушбу қарор якуний ҳисобланади ва шикоят қилиниши мумкин эмас. Агар жараёнда иштирок этаётган давлатлардан бири унга риоя қилмаса, иккинчи томон БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиши мумкин.
LiveБарчаси