Бюджет маблағлари устидан молиявий назоратни кучайтириш таклиф этилди
Жамият
−
10 Июль
4907Президент Шавкат Мирзиёев бюджет маблағларидан фойдаланилиши устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда Ҳисоб палатаси томонидан консолидациялашган бюджет ижросини ташқи аудитдан ўтказиш таклиф этилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирги тизимда фақат бюджет ва мақсадли жамғармалар харажати ташқи аудит билан қамраб олинган. Бу жами харажатларнинг 86 фоизини ташкил этади. Таклифга кўра, эндиликда бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда ташқи қарз ҳисобидан харажатлар ҳам ташқи аудит билан қамраб олинади.
“Сўнгги йилларда ҳудудлар ривожига катта маблағлар йўналтириляпти. Лекин маҳаллий кенгашлар бюджет муҳокамасида асосан вилоят ёки туман бюджети билан чекланяпти. Бу – ҳар бир ҳудудга барча манбалардан берилаётган маблағларнинг 65-70 фоизи уларнинг назоратидан четда қоляпти, дегани”, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Ҳисоб палатаси бюджет жараёнини нафақат Олий Мажлис палаталарида, балки маҳаллий кенгашларда ҳам муҳокама қилиб бориши кераклиги айтилган. Ҳисоб палатаси фаолиятида давлат дастурларидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишда юзага келиши мумкин бўлган хавфларни баҳолашга қаратилган стратегик аудит ҳамда давлат ташкилотларидаги дастурий таъминотлар самарадорлиги бўйича ахборот технологиялари аудити жорий этилиши мўлжалланяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ давлат бюджетида рекорд даражада тақчиллик кузатилаётгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилган эди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2024 йилнинг I ярим йиллигининг ўзида бюджет дефицити 38 трлн сўмдан ошган.
LiveБарчаси