Бюджет-2021: келаси йилда 5,5 млрд доллар қарз олиш режалаштириляпти

Жамият

image

2021 йилдан бошлаб ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига режалаштирилаётган харажатлар консолидациялашган бюджет таркибига киритиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасига келтирилган шарҳда айтиб ўтилган.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 83-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унда 2021 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, консолидациялашган Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари прогнози, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг чекланган миқдорлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари, Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратилаётган тартибга солувчи трансфертлар, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тушумлари ва харажатлари прогнозлари ўз аксини топган ва 2022 – 2023 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси 18 та модда ва 10 та иловадан иборат.

Макроиқтисодий сиёсатнинг 2021 йил учун асосий йўналишлари ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши тахминларидан келиб чиқиб шакллантирилди.

Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга, фискал рағбатлантириш чораларини мўътадиллаштириб боришга, иқтисодий ўсиш суръатларини 5 фоиздан юқори бўлишини таъминлашга қаратилади.

Қатор халқаро молия институтлари ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда мамлакатимизда иқтисодий ўсиш суръати 5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Келгуси йилда ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 5,8 фоизга, хизматлар соҳасида 6,4 фоизга, қишлоқ хўжалигида 2,7 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда (Қонун лойиҳасининг 2-иловаси).

Инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиб, 2021 йилда инфляция даражаси 10 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Мазкур ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришилади. 

Давлат бюджетининг параметрлари қуйидаги асосий фискал мақсадлардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган:

•    2020 - 2021 йилларда ташқи талабнинг қисқариши ва глобал иқтисодий фаолликнинг секинлашуви шароитида иқтисодиётдаги ялпи талабни рағбатлантириш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини, инвестициявий жозибадорликни, ишбилармонлик фаоллиятини, экспортни рағбатлантиришга қаратилган солиқ - бюджет сиёсатини давом эттириш;
•    Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва Давлат қарзини миқдорини ҳалқаро стандартларга мувофиқ мўътадил даражада ушлаб туриш, консолидациялашган бюджет тақчиллигини ўрта муддатда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 фоиздан кам даражага тушириш;
•    давлат бюджети даромадлари барқарор ўсишини ва солиқ солишнинг адолатлилик тамойилини таъминлаш ва солиқ имтиёзларини тартибга солиш; 
•    Давлат бюджетини ижтимоий йўналтирилганлигини сақлаб қолиш, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантиришга қаратилган муҳим дастурларни молиялаштириш, коронавирус пандемияси хавфи сақланиб қолаётган ҳолатда унга қарши курашиш учун зарур маблағларни шакллантириш;
•    иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия ва нафақаларни ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириш ва уларнинг инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорда ўсишини таъминлаш;
•    аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини кучайтириш;
•    сув ва ер ресурсларини сақлаш, улардан самарали фойдаланиш, энергия ресурсларини тежаш, табиатни ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган ва бошқа муҳим давлат дастурларини молиялаштириш;
•    бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулиятини ошириш йўли билан давлат харажатларининг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш;
•    маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини ўстиришга ҳамда харажатларини самарадорлигини рағбатлантиришга қаратилган бюджетлараро муносабатларни юритиш;
•    бюджет шаффофлигини ошириш ҳамда бюджет қамровини тўлиқлигини таъминлаш.

Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, 2021 йил учун Давлат бюджети даромадлари 147,0 трлн. сўм, харажатлари эса Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олмаган ҳолда 149,7 трлн. сўм миқдорида (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси);

Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн.сўм миқдорида, харажатлари эса 40,7 трлн. сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Бунда, Давлат мақсадли жамғармаларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 15,9 трлн. сўм трансфертлар ажратиш белгиланган (Қонун лойиҳасининг 3-иловаси).

Хусусан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 трлн. сўм, харажатлари 36,5 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда Давлат бюджетидан 14,7 трлн. сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда (Қонун лойиҳасининг 3-иловаси 3-банди).

Бунинг натижасида келгуси йилда Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари 17,2 трлн. сўм ёки прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиз миқдорида тақчиллик билан режалаштирилган (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси V банд).

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тушумлари 5,3 трлн. сўмни харажатлари эса 13,4 трлн. сўмни ташкил этиши кутилмоқда (Қонун лойиҳасининг 3-иловаси).

Давлат молиясини бошқаришнинг ҳалқаро стандартларига мувофиқ бюджет қамровини ошириш ҳамда тўлиқлигини таъминлаш мақсадида, 2021 йилдан бошлаб ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига режалаштирилаётган харажатларни консолидациялашган бюджет таркибига киритиш таклиф қилинмоқда. 2021 йилда ушбу харажатлар 12,1 трлн. сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда (Қонун лойиҳасининг 10-моддаси ҳамда 1-иловаси).

Мисол учун, 2021 йилда шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш учун Жаҳон банкидан 31,5 млн. АҚШ доллари, бирламчи тиббий-санитария ёрдами фаолиятини такомиллаштириш учун Осиё тараққиёт банкидан 25,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағларини ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар консолидациялашган бюджетда ўз аксини топган. 

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг (Давлат бюджети, Давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар билан бирга) юқори чегараси 37,4 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда жорий йил якуни билан кутилаётган консолидациялашган бюджети тақчиллигига нисбатан 1,6 фоиз бандга паст бўлиши режалаштирмоқда (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси).

Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармаларининг тақчиллиги Давлат ички ва ташқи қарзларини жалб қилиш ҳамда бюджетларнинг йил бошига қолдиқ маблағлари ҳисобидан, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тақчиллиги жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.

3. Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг жами харажатлари Қонун лойиҳасининг 5-иловасида 56 та биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари (вазирлик ва идоралар) кесимида тасдиқланмоқда.

Бунда Давлат дастурларининг режалаштирилган давлат харажатлари билан уйғунлигини таъминлаш, уларни ижроси бўйича жамоатчилик ва Парламент назоратини кучайтириш мақсадида, Қонун лойиҳасида, илк бора, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари бюджетида Давлат дастурлари учун ажратилаётган маблағлар алоҳида кўрсатилмоқда.

Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий харажатлари қаторида 19 та Давлат дастурлари учун ажратилган маблағлар алоҳида кўрсатилган.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромад ва харажатлари Қонун лойиҳасининг 6-иловасига мувофиқ маълумот учун қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27-моддасига мувофиқ, маҳаллий бюджетларнинг харажатлари худудий бюджет маблағларини тақсимловчилари кесимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан мустақил равишда шакллантирилади ҳамда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

4. Молия йили якуний санаси ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган давлат қарзи қолдиғининг миқдори жорий йил ялпи ички маҳсулотига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгилаб қўйилмоқда (Қонун лойиҳасининг 10-моддаси).

Бунда, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган соф ҳажми 5,5 млрд. АҚШ доллари (5 млрд. АҚШ доллари – ташқи, 0,5 млрд. АҚШ доллари – ички қарз), шундан, Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун -2,2 млрд. АҚШ доллари (шу жумладан, ички қарз – 5 трлн. сўм), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 3,3 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда.

5. Қонун лойиҳасининг 14 - моддасига мувофиқ бюджет жараёнининг шаффофлигини янада ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилари кесимида Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ва уларни ижроси тўғрисидаги маълумотларни, Ўзбекистон Республикасининг Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси тўғрисидаги маълумотларни вазирликнинг расмий веб-сайтига;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Давлат божхона қўмитаси солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини ҳамда тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларининг миқдори тўғрисидаги маълумотларни солиқ тўловчилар кесимида ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирилиши белгилаб қўйилмоқда.

6. Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида кўрсатилган айрим нормалар доимий характерга эга бўлганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Солиқ ва Бюджет кодексларига ўтказилаётганлиги сабабли “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасида акс эттирилмаган.

 Хусусан, акциз солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммалари Солиқ кодексининг тегишли қисмларига ўтказилаётганлиги сабабли Қонун лойиҳасига киритилмаган.

Шунингдек, Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига айрим солиқлар бўйича пасайиб борувчи ёки ўсиб борувчи коэффициентларни белгилаш ҳуқуқини тўғридан-тўғри амал қилинишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўтказилаётганлиги сабабли ушбу нормалар Қонун лойиҳасида кўзда тутилмаган.

Қонуннинг 12-моддасида солиқлар ва солиқсиз тушумларнинг бюджет бўғинлари ўртасида тақсимланиш қоидалари кўрсатиб ўтилган ва жорий йилдаги тартиб сақланиб қолган. 


Мақола муаллифи

Теглар

бюджет

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг