Бўзсувга 18 та корхонадан кимёвий ифлосланган сув оқизилаётгани аниқланди

Жамият

image

“Бўзсув оқова сув тозалаш” иншоотига Тошкент шаҳрида жойлашган 18 та корхонадан юқори концентрацияда ифлосланган, кимёвий моддалари мавжуд бўлган оқова сувлар оқизиб келинаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, “Бўзсув оқава сув тозалаш” иншоотига келиб тушаётган оқова сувларнинг таркиби, уларнинг тозаланиши ҳамда “Қуйи Бўзсув” каналига қуйилишида амалдаги тартиб ва нормативларга риоя этилиши аҳволи Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутахассислари иштирокида ўрганилган.

Ўрганишда тозалаш иншоотига Тошкент шаҳрида жойлашган 18 та (15 та текстиль ва 3 та қушхона) тадбиркорлик субъектлари томонидан оқова сув тармоғига юқори концентрацияда ифлосланган, кимёвий моддалари мавжуд бўлган оқова сувлар оқизиб келинаётгани аниқланган.

Маълум қилинишича, “Бўзсув оқова сув тозалаш” иншооти келиб тушган оқова сувларни биологик тозалашга мўлжалланган бўлиб, унда оқова сувларни кимёвий ва физикавий тозалаш имкониятлари мавжуд эмас.

“Оқизилаётган оқоваларда меъёрга нисбатан азот аммоний концентрацияси, азот нитрит, кислороднинг биологик истеъмоли, кислороднинг кимёвий истеъмоли, нефть маҳсулотлари, фосфор, темир ва хром ортиқча экани оқибатида, иншоот атрофидаги ҳавода водород сулфиди миқдори меъёрдан ошиб кетиб, ифлосланган сувдан бадбўй ҳид тарқалаётгани ҳудудда яшовчи аҳолининг норозиликларига сабаб бўлмоқда”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Бош прокуратура қонунбузилишларга йўл қўйган хўжалик юритувчи субъектларни “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ томонидан муқаддам берилган огоҳлантириш ва лаборатория таҳлил натижалари бўйича камчиликларни бартараф этмаганларга нисбатан ичимлик ва оқова суви хизматларини кўрсатиш бўйича тузилган шартномаларни бекор қилиш тўғрисида огоҳлантирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бўзсув ифлосланган сув

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг