Буюк Британияда “вампир” қўлга олинди
Олам
−
12:25 9813 2 дақиқа
Буюк Британиянинг Ҳэмпшир графлигида черковлар олдига қўй ва кийик жасадларини ташлаб юрган 48 ёшли Бенжамин Льюис суд қарори билан мажбурий даволаниш учун руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, Льюис фермерлардан қўзиларни ўғирлаб, уларни сўйган ва жасадларни Нью-Форест ҳудудидаги черковлар эшиги олдига қолдирган. Айрим ҳолларда у тескари хоч белгиси ва таро карталарини ҳам ташлаб кетган. Бу маҳаллий аҳоли ва черков ходимлари орасида қўрқув уйғотган.
Полиция уни бир неча ой кузатган ва ҳатто сатанизм тақвимидаги муҳим саналарида черковлар атрофида назорат ўрнатган. Охир-оқибат қўзичоқ жасадидан топилган ДНК орқали Льюис қўлга олинган.
Тергов вақтида унинг уйидан вампирлар тасвирлари, маросимларга оид ёзувлар ва қон ичиш ҳақидаги қайдлар топилган. Полициянинг маълум қилишича, Льюис қон ичиш инсонни абадий яшашига ва вампирга айланишига ишонган.
Суд уни диний адоват асосида қасддан таҳдид ва қўрқув уйғотиш ҳамда қўзиларни ўғирлашда айбдор деб топган. Судья Уильям Маусли унинг хавфсиз деб топилмагунича шифохонада сақланишини белгилаган.
Психиатрлар Льюисда мураккаб руҳий саломатлик муаммолари борлигини билдирган. Маълум бўлишича, у 2003 йилда ҳам ўзини вампир деб атаб, бир руҳоний ва унинг оиласини қўрқитгани учун қамалган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Свердловск вилоятидаги Нижний Тагил шаҳрида пицца буюртмасини “Адольф Гитлер” номи билан расмийлаштирган талаба полиция томонидан ушланганди.
Live
Барчаси