Буюк Британия парчаланиш арафасида ёхуд Вестминстерга қарши учлик
Таҳлил
−
21 сентябр 700 10 дақиқа
Ғалати ва бетартиб даврда яшаяпмиз. Биз ўрганиб қолган дунё ўзининг буткул янги қиёфасини намойиш этмоқда. Локал урушлар, чегаравий муаммолар, қудратли давлатларнинг тўлақонли кучга таянган сиёсати. Бир вақтлар тузилган ташкилотлар, тинчликни сақлаши керак бўлган шартномалар ҳаммаси ўзининг аҳамиятини йўқотгандек гўё. Инсоният уруш деган балонинг нақадар бемаъни эканини, унинг ғолиби йўқлигини унутиб қўйди.
Ҳатто атиги бир аср муқаддам Ер шарининг тўртдан бир қисмини назорат қилган давлат бугун заволга юз тутиш арафасида. Жуда қисқа давр ичида дунё сиёсий харитасида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги номи буткул йўқолиши мумкин. Шотландия, Ирландия ва Уэльс мустақиллик томон дадил қадам ташламоқда. Энди уларни ўрта асрлардаги каби куч билан тўхтатишнинг ҳам иложи йўқ. Хўш, унда нима бўлди? Наҳотки Бирлашган Қироллик парчаланиб кетади? Янги бош вазир буни тўхтата оладими?
Мустақиллик орзуси
“Буюк Британия” ва “Бирлашган Қироллик” иборалари кундалик нутқда кўпинча бир-бирининг ўрнида ишлатилади. Ҳатто халқаро сиёсат ҳақида гап кетганда ҳам бу икки тушунча орасидаги фарқ кўпинча эътибордан четда қолади. Аслида эса улар бир хил маънони англатмайди. Буюк Британия – аввало Англия, Шотландия ва Уэльс жойлашган оролнинг номи. Бирлашган Қироллик эса шу Буюк Британия оролидаги уч мамлакатга Шимолий Ирландия қўшилган суверен давлатдир. Унинг тўлиқ расмий номи – Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги.
Яъни ҳозир ягона давлат сифатида кўринаётган Бирлашган Қироллик аслида тарих давомида алоҳида сиёсий бирликлар бўлган Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландиянинг турли даврлардаги сиёсий бирлашуви натижасидир. Тўрт қироллик – тўрт хил тарих. Уларнинг барчаси бир хил йўл билан Буюк Британия таркибига кирмаган, бугунги кунда ҳам уларнинг ваколатлари бир хил эмас ва энг муҳими, уларнинг Буюк Британия билан муносабати ҳам ҳар хил.
XVII аср бошигача Англия ва Шотландия алоҳида қиролликлар эди. Назаримда сиз ҳам Уильям Уоллеснинг Англия босқинига қарши курашиши ҳақидаги “Шерюрак” (Braveheart, 1995) фильмини кўргансиз. Ҳақиқатдан ҳам узоқ вақт давомида шотланд халқи ўз мустақиллигини сақлаб қола олди. Фақатгина XVI аср охири – XVII аср бошида юзага келган иқтисодий инқирозгина Шотландияни Англия таркибига қўшилишига мажбур қила олди. 1706 йил 22 июлда икки қироллик ўртасида бирлашиш тўғрисидаги шартнома имзоланди. 1707 йил 1 майда акт расман кучга кирди ва Англия ва Шотландия парламентлари тугатилиб, ягона Буюк Британия Қироллиги ташкил топди.
Аммо барча шотландлар ҳам бирлашувни истамасди. Ўтган узоқ вақт давомида Шотландия аҳолиси марказий ҳокимиятга қарши бир неча бор бош кўтариб чиқди. Аммо қудратли инглиз қўшинлари уларни шафқатсизлик билан босиб олди. Бироқ янги даврда тўлақонли кучга таяниш доим ҳам иш бермайди, айниқса мамлакат инсон ҳуқуқлари ҳимояси ҳақида баралла жар солувчи Ғарбий Европанинг бир қисми бўлса.
XX аср охирида шотландияликларнинг ўзини ўзи бошқаришга бўлган интилиши қайта жонланди. 1997 йилги умумхалқ референдумида автономия масаласи маъқуллангач, 1999 йилда деярли 300 йиллик танаффусдан кейин Шотландия парламенти қайта тикланди. 2014 йилдаги референдум эса аҳоли қалбида ҳануз мустақиллик орзуси яшаётганини кўрсатди. Референдум қатнашчиларининг 55,3 фоизи Бирлашган Қироллик таркибида қолишни, 44,7 фоизи эса мустақилликни ёқлаб овоз берди.
Уэльс эса тўлақонли ҳарбий юришлар орқали босиб олинган қироллик. 1277 йилда Англия қироли Эдвард I Уэльс устидан тўлиқ назорат ўрнатиш учун йирик ҳарбий юришларни бошлади ва 1283 йилда қироллик тўлиқ бўйсундирилди. Эдвард I Уэльсни бўйсундириш ва назоратда ушлаб туриш учун улкан тош қалъалар тизимини барпо этди. Аҳоли тўлақонли куч орқали назорат қилинди.
Аммо на кишанлар, на баланд деворли қалъалар озодликка бўлган интилишни тўхтатиб қолади. 1997 йилда ўтказилган референдумда уэльсликларнинг 50,3 фоизи автономия учун овоз берди ва натижада 1999 йилда Уэльс Ассамблеяси ташкил топди. Қироллик парламенти соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, атроф-муҳит ва маҳаллий иқтисодиёт соҳаларида ўз қонунларини қабул қилиш ваколатига эга бўлди.
Бирлашган Қироллик таркибидаги энг муаммоли ҳудуд бу, шубҳасиз – Ирландия эди. Англия қироллиги Ирландияни XII асрдан бошлаб босиб ола бошлаган. Назоратни кучайтириш ва бошқарувни осонлаштириш мақсадида XVII асрда оролнинг шимолий қисмига шотланд ва инглиз протестантлари кўчириб келтирилди. Оқибатда туб ерли католик ирландлар ўз ерларидан маҳрум бўлди. Бу эса ирланд халқида босқинчиларга нисбатан нафрат ошиб кетишига олиб келди. 1641 йилда мусодара қилинган ерларни қайтариб олиш ва католиклар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ирландлар умумхалқ қўзғолонини бошлади. Ирландлар деярли бутун оролни эгаллаб олди. Фақатгина Англия инқилоби етакчиси Оливер Кромвелнинг шафқатсиз босқинигина Ирландиянинг Англия таркибида қолишига имкон яратди. Дроэда ва Уэксфорд шаҳарларида минглаб тинч аҳоли қириб ташланди. Кромвел ландшафтни батамом ўзгартириб, католик ер эгаларининг мулкларини тортиб олди ва уларни унумсиз ғарбий ҳудудларга суриб чиқарди.
Шунга қарамай, узоқ давр мобайнида ирланд халқи эркинлик учун қаттиқ курашиб келди. 1801 йил 1 январдагина бутун Ирландия ороли расман Бирлашган Қироллик таркибига қўшиб олинди ва давлат Буюк Британия ва Ирландия Бирлашган Қироллиги деб атала бошланди.
Аммо қиролликнинг расман қўшиб олиниши халқнинг озодлик истагига рахна сола олмади. 1919–1921-йилларда Ирландия мустақиллик уруши бўлиб ўтди, натижада оролнинг жанубий ва ғарбий қисми ажралиб чиқиб, Ирландия Эркин Давлати – ҳозирги Ирландия Республикасини тузди. Орол шимолидаги протестантлар яшовчи 6 та графлик Бирлашган Қироллик таркибида қолди. Шу тариқа Шимолий Ирландия вужудга келди.
Аммо бир миллатни иккига бўлиб ташлаш яхшиликка олиб келмаслигини инглизлар яхши билар эди. Шу туфайли қиролликка кенг кўламли автономия берилди. 1998 йил 10 апрелда имзоланган “Хайрли жума битими” минтақага қисман бўлса-да барқарорликни таъминлай олди. Унга кўра, Шимолий Ирландия Ассамблеяси тузилди, Ирландия Республикаси билан чегаралардаги жисмоний тўсиқлар ва назорат-ўтказиш масканлари олиб ташланди ва агар ирланд халқининг катта қисми мустақил Ирландия Республикаси билан бирлашишни истаса, буни референдум ўтказиш орқали ҳал этиш ваколати берилди.
Қисқача қилиб айтганда, сўнгги 50 йилда Лондон қиролликлардаги сиёсий вазиятни мувозанатда сақлаши учун кўп тер тўкишга мажбур бўлди. Ҳар бир қиролликнинг ўз бошқарув парламенти, бош вазири тайинланди. Бугун эса қиролликлар яна бир бор мустақил бўлиш масаласини ўртага ташламоқда, фақат бу сафар вазият анча жиддий кўринади. Агар Вестминстер барча учун оптимал ечим таклиф қила олмаса, Бирлашган Қироллик бирлаша олмай қолиши мумкин.
Мустақилликка катта қадам
Буюк Британия парчаланиш ёқасида. Бир вақтнинг ўзида Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия бош вазирлари Лондондаги ҳукуматни рад этиб, ўз келажагини ўзи белгилаш масаласида бир стол атрофида жамланди. 14 сентябр куни Кардиффда Шотландия Миллий партияси раҳбари Жон Свинни, Уэльс партияси (Plaid Cymru) ва Шимолий Ирландиянинг бош вазири Мишель О’Нил биргаликда меморандум имзолади. Ҳужжатда уч миллатнинг ўз тақдирини демократик йўл билан белгилаш ҳуқуқи қайд этилди ва Британия ҳукуматидан бўлажак конституциявий ўзгаришларга тайёргарлик кўриш, уларни режалаштириш ҳамда қўллаб-қувватлаш сўралди. Ҳужжатда ҳатто “Вестминстер даври ўз якунига етмоқда” деган сиёсий даъво ҳам илгари сурилди.
“Миллатларимиз ўз келажагини демократик йўл билан белгилаш ҳуқуқига эга. Биз ўзимиз вакиллик қилаётган миллатлар ва жамоалар каттароқ иқтисодий имкониятлар эркинлигига ҳамда ўз келажагини белгилашда янада кучлироқ овозга лойиқдир, деган ишончни баҳам кўрамиз.
Ороллардаги сиёсий манзара ўзгармоқда. Тарихда илк бор Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландиянинг биринчи вазирлари Буюк Британиядан мустақил бўлиш ғоясига биргаликда содиқдирлар”, дейилади ҳужжатда.
Қизиғи, беш кун олдин, яъни 12 сентябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Ирландияга ташрифи чоғида Ирландия Республикаси ва Буюк Британия таркибидаги Шимолий Ирландиянинг бирлашишини исташини очиқ айтганди ҳамда бундай бирлашув охир-оқибат барибир юз беришига ишонишини билдирган.
Бернем идораси вакили эса Бош вазирнинг Ирландия бирлашиши масаласидаги аввалги баёноти ҳали ҳам ўз кучида эканини айтган. 9 сентябр куни парламентда депутатларнинг Шимолий Ирландияда Ирландия Республикаси билан бирлашиш масаласида референдум ўтказилиши эҳтимоли ҳақидаги саволларига Буюк Британия Бош вазири Энди Бернем бирлашиш бўйича янги референдумни қўллаб-қувватловчилар кўпчилик эканидан хабари йўқлигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, вазият ўзгармагунча бундай референдум бўлмайди.
“Мени яна бир референдум ўтказилишини қўллаб-қувватлайдиган жамоатчилик кўпчилик эканидан хабарим йўқ. Бу ўзгармагунча, бундай референдум бўлмайди”, деганди Бернем.
Дублинга ташриф буюрган АҚШ раҳбарининг Ирландия масаласида бундай кескин баёнот бериши ва орадан икки кун ўтиб Англиядан ташқари уч қироллик бош вазирларининг Кардиффда ажралиб чиқиш мазмунидаги меморандумни имзолаши жамоатчиликда “Ирландия Республикаси Трампдан ёрдам сўради” деган фикрни юзага келтирмоқда. “Бетарафлик” деган сўздан узоқ юрувчи ва дунёдаги барча масалаларда ўзини “қозикалон” деб билувчи АҚШнинг амалдаги раҳбари эса бу илтимосни жон деб қабул қилган бўлиши мумкин.
Аммо ҳали хулоса қилишга эрта. Кардиффда имзоланган меморандум Шотландия, Уэльс ёки Шимолий Ирландия мустақил бўлди дегани эмас. Шунингдек, уч ҳудуднинг сиёсий раҳбарлари биргаликда Буюк Британиядан чиқиш санасини ҳам белгиламаган. Ҳужжатнинг асосий мазмуни – миллатларнинг ўз келажагини демократик йўл билан белгилаш ҳуқуқини илгари суриш, конституциявий ўзгаришларга тайёргарлик кўришни талаб қилиш ва мустақиллик тарафдори кучларнинг ҳамкорлигини кучайтириш. Учала сиёсий куч ҳам алоҳида-алоҳида мустақил бўлишни истаса-да, бунга қандай эришиш масаласида фикрлар турлича. Шотландия вакили Жон Свинни ва Шимолий Ирландия вакили Мишель О'Нил қўшма матбуот анжуманида референдумлар ўтказишга чақирган бир пайтда, Уэльс вакили Рун ап Иорверт ўз мамлакатида референдумлар ўтказиш жадвалини беришдан бош тортган, аммо ўзгаришларга мойиллигини билдирган.
“Уэльс халқимиз лойиқ бўлган келажакни қуриш учун бизга миллат сифатида зарур бўлган куч, ресурслар ва адолатли муносабатга эга бўлиши керак”, деди у.
Айни вақтдаги иқтисодий ҳолат ҳам мутлақ мустақил уч янги қироллик вужудга келишига йўл қўймайди. Шимолий денгиздаги нефть ва газ захираларининг катта қисми Шотландия ҳудудий сувларига тўғри келиши, шотланд вискиси, балиқчилик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунё бўйлаб жуда харидоргирлиги ёки Эдинбургнинг Европадаги йирик молиявий марказларидан бири ҳисобланиши Шотландия учун катта иқтисодий имконият ярата олади, аммо етарлича эмас. Уэльснинг эса бу борада имкониятлари анча чекланган. Қисқа қилиб айтганда, бу икки қироллик учун Лондонда мустақил бўлиш анчагина оғриқли бўлиши табиий.
Бироқ Шимолий Ирландия масаласи анчагина истиқболли дейиш мумкин. Ҳар ҳолда пойтахти Дублин бўлган Ирландия Республикаси аллақачон мустақил актор сифатида халқаро майдонда ўз ўрнига эга. Давлатнинг айни пайтда Буюк Британия таркибида бўлган Шимолий Ирландия билан бирлашуви ажралиб чиқиш олиб келадиган босимни камайтиришга ёрдам беради. Шунга қарамай, бу мустақиллик силлиқ кечади дегани эмас. Қироллик ҳар йили Лондондан тахминан 10–15 миллиард фунт стерлинг атрофида қўшимча дотация олади. Шундай экан, референдумда ирландларнинг қарорини аниқ тахмин қилиш қийин.
Шунга қарамай, сиёсий жиҳатдан бу юриш катта эътиборга лойиқ. Чунки Буюк Британия тарихида илк бор Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландиядаги асосий миллатчи сиёсий кучлар ўзларининг конституциявий мақсадларини битта ҳужжатда боғлади. Уларнинг умумий мақсади келажакни Вестминстер белгиламаслиги, балки ҳар бир миллатнинг ўзи ҳал қилиши кераклигини эътироф этишдир.
Меморандумда уч ҳудуднинг Европа Иттифоқи билан боғлиқ қарашлари ҳам алоҳида қайд этилган.
“Brexit иқтисодиётимизга зарар етказди ва халқимиз учун имкониятларни чеклаб қўйди. Мамлакатларимиз келажаги Европа Иттифоқига тегишли деб ҳисоблаймиз”, дейилади меморандумда.
2016 йилдаги референдумда Буюк Британия умумий ҳисобда Европа Иттифоқидан чиқишни танлади. Аммо Шотландияда сайловчиларнинг катта қисми, нақд 62 фоиз электорат Европа Иттифоқида қолишни ёқлаган эди. Шимолий Ирландияда ҳам Brexit масаласи ўзига хос сиёсий оқибатларга эга бўлди. Натижада Лондоннинг Европадан узоқлашиш сиёсати билан Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландиянинг айрим сиёсий кучлари кўзлаётган келажак ўртасидаги тафовут кучайди. Энди мустақиллик тарафдорлари бу тафовутдан Лондонга қарши сиёсий аргумент сифатида фойдаланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугун Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги буткул парчаланиб кетмаслиги мумкин, аммо ичидаги бу каби норозилик кайфияти Лондон бошқарувида камчиликлар борлигидан далолатдир. Сиёсий масалада Вестминстернинг оғирроқ вазнга эга бўлиши бошқа қиролликларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Хўш, буни жаноб Бернем қандай ҳал қилади ёки бу Британиянинг инқирози бўладими?
Live
Барчаси