Буёғи қанчадан тушди? Ғаниевнинг Матбуот котиби овоз сохталаштирилганини иддао қилганди
Жамият
−
30 Декабрь 2019
14485Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг таҳдид кўринишидаги овозли ёзуви устидан ўрганиш ўтказгани ва натижаларини эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Аввалига Фарғона вилояти ҳокимияти матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов алоҳида видеомурожаат қилиб, тарқалган овоз ҳокимники эканини рад этганди ва қуйидагиларни айтганди:
“Озодлик” Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга нисбатан навбатдаги туҳматини эълон қилган. 2 декабрда айтилган деб иддао қилинаётган аудио ёзувдаги овози ўхшатилган сўзлар бирон бир селектор йиғилишида Шуҳрат Ғаниев томонидан айтилмаган. Шуҳрат Ғаниев журналист ёки блогерларга нисбатан босим ёки тазйиқ ўтказмаган, Қува тумани ҳокимига бу ҳақда ҳеч қачон танбеҳ бермаган.
Аудиоёзув ўхшатма овознинг қўпол монтажидан бошқа нарса эмас.
Ҳурматли интернет фойдаланувчилари, ҳамкасб журналистлар, блогерлар! “Озодлик”нинг ўйинига учманг, унинг туҳматларига ишонманг. Агар “Озодлик”да бундай ҳақиқий овоз бўлганида эди, у ўзи иддао қилишича 2 декабрдан буён уни ушлаб турмас эди.
“Озодлик”нинг куни энди пранкер (овоз ўхшатувчи)ларга қолган кўринади”.
Бош прокуратура эса овоз айнан Ғаниевга тегишли эканини айтиб чиқди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам жорий йилнинг 16 ноябрь куни ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга нисбатан айтган тазйиқ кўринишидаги гаплари устидан текширув бошланганини айтиб, бу овоз Ортиқхўжаевники эмаслиги ва гўё унинг овози сифатида тарқатилаётганини иддао қилганди. Аммо, ўша овоз ҳам Ортиқхўжаевники бўлиб чиқди.
Бош прокуратура баёнотида қайд этилишича, худди Ортиқхўжаев билан боғлиқ ҳолатдагидек, Ғаниевнинг сўзларида ҳам инсон ҳаётига ва соғлиғига тажовуз қиладиган реал таҳдид, яъни уларни амалга оширилишидан хавфсираш учун асослар мавжуд бўлмаган. Шу боис мазкур ҳолат юзасидан Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Шуҳрат Ғаниев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи мансабдор шахси бўла туриб, Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари талабларини бузганлигини инобатга олиб, унинг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига хат юборилган.
LiveБарчаси