Бўстонлиқдаги ўрмонга ўт кетди
Жамият
−
21 Сентябрь 5028 1 дақиқа
Кеча, 20 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Бурчмулла” давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш ва чўлланишга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ёнғин таҳминан соат 13:00 лар атрофида бошланган. Воқеа жойига ўрмон хўжалиги масъуллари, 40 дан зиёд ишчи-ходимлар, 10 нафар ушбу маҳалладаги ёнғин қутқарув гуруҳи кўнгиллилари ҳамда туман Ички ишлар бўлими ходимлари етиб борган. Ёнғин таҳминан соат 14:40 да тўлиқ ўчирилган.
Ёнғин оқибатида 1,5 гектарга яқин ер майдонидаги қуриган ўтлар ёнган. Ҳодиса Яккатут қишлоғида яшовчи 1956 йилда туғилган фуқаро С.Д.нинг техника хавфсизлигига риоя қилмасдан, ичимлик суви метал қувурини пайвандлаши оқибатида келиб чиққан.
Ушбу фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 84-моддаси (ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш) 3-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Бўстонлиқ туманида жойлашган ўрмон хўжалигидаги қирда ёнғин содир бўлганди.