Бўстонлиқда ўқувчи қизлар синфдошини калтаклади
3-саҳифа
−
05 Апрель
8492Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўқувчи қизлар синфдошини калтаклаб, ҳақоратлади. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, Болалар омбудсманининг шахсий қабулига 3 апрель куни 2010 йилда туғилган, Бўстонлиқ туманида яшовчи Э.О. (қиз бола) келиб, мурожаат қилган.
Э.О. ўз мурожаатида мактабда синфдошлари томонидан муттасил тазйиқ ва буллингга учраётганлиги, бу ҳолатга мактаб маъмурияти ҳам, бошқа масъуллар ҳам эътиборсиз эканлигини билдирган.
"Болалар омбудсмани сўрови асосида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Ички ишлар органлари мазкур ҳолатни ўрганди. Бўстонлиқ тумани ММТ бўлими ўрганиши давомида жорий йилнинг 18 март куни информатика дарсида Э.О., С.М., М.К., К.В. лар (барчаси қизлар) ўзаро гап талашиб қолишгани, дарс машғулотлари тугаганидан сўнг низони ҳал қилиш учун синфхонада йиғилиб, ўзаро жанжаллашгани ва 3 нафар қиз биргаликда Э.О.ни ургани, уни турли ҳақоратли сўзлар билан камситишгани маълум бўлди", дейилади хабарда.
Бўстонлиқ тумани, "Марказий" МФЙ профилактика инспектори томонидан болалар ўртасидаги бу ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилиб, вояга етмаган ўқувчи қизлар Э.О. ва К.В.га суд тиббиёт экспертизаси тайинланган ва уларнинг енгил тан жароҳати олганликлари аниқланган.
"Мазкур буллинг ҳолати юзасидан С.М., М.К., К.В.ларнинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47 - моддаси 1 - қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосида маъмурий жавобгарликка тортилди. Қизлар билан махсус психологик коррекцион иш олиб бориш учун психолог бириктирилди", дейилади омбудсман маълумотида.
Мактаб раҳбарияти ва инспектор-психолог болалар ўртасида бу каби буллинг ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича тегишлича огоҳлантирилган.
LiveБарчаси