“Каттакон” танишлари орқали ер тоифасини ўзгартириб беришни ваъда қилган шахс $100 минг билан ушланди (видео)
Crime
−
14:09 2205 1 minute
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги 9 гектар ер майдонининг бир қисмини тураржой қуриш учун расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 840 минг доллар талаб қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 1970 йилда Хоразм вилоятида туғилган, қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи бир нечта корхона эгаси Бўстонлиқ туманидаги 9 гектар ер майдонидан иборат нотурар объектнинг 4 гектар қисмида тураржой бинолари қурилишини ҳужжатлаштириб беришни ваъда қилган.
У бу ишни Давлат кадастр агентлигида ишловчи мансабдор танишларига пора бериш орқали ҳал қилиб беришига ишонтирган. Шахс мурожаатчидан аввал 100 минг, кейинчалик эса яна 740 минг доллар, жами 840 минг доллар талаб қилиб келгани аниқланган.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ўтказилган тадбир давомида у ресторанлардан бирида олдиндан талаб қилинган 100 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (фирибгарлик) ҳамда 28-модда орқали 211-моддаси 3-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида фуқарога академик таътил олиши учун тиббий маълумотнома тайёрлаб бериш эвазига 500 АҚШ доллари олган оилавий поликлиника шифокори ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All