Бўстонлиқда 3,3 минг метр баландликкача осма дор йўли қурилади

Жамият

image

Бугун, 15 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги янги туризм мажмуаси имкониятлари билан яқиндан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, сўнгги йилларда ҳудудда инфратузилма ривожлантирилиб, йилнинг тўрт фаслида мароқли саёҳат учун қулай шароит яратилган. Амирсой, Чиноркент, Чорвоқ дарвозаси каби улкан мажмуалар, замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва умумий овқатланиш масканлари ишга туширилган.

Энди бу сафга “Чимён” халқаро умуммавсумий курорти ҳам қўшилади. Франциянинг MND компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа учун 1278 гектар майдон ажратилган.

Лойиҳа доирасида меҳмонхоналар ва денгиз сатҳидан 3300 метр баландликкача осма дор йўли қурилади. Бу тўлиқ мавсумий туризмни таъминлайди. Қишда чанғи ва сноуборд, бошқа ойларда эса тоғ сайёҳлиги ва кўнгилочар ҳордиқ имкониятлари пайдо бўлади.

Давлат раҳбари бу ердаги меҳмонхона, ресторан ва савдо мажмуаларини кўздан кечирган. Жумладан, 6 қаватли замонавий меҳмонхона 320 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга. Унда йил давомида ўртача 45 минг туристга хизмат кўрсатилиши режалаштирилган. 

Президент матбуот хизматининг ёзишича, ҳудуддаги яна бир лойиҳа доирасида 7 ва 5 қаватли апарт-отеллар, 7 қаватли меҳмонхона ҳамда 2 қаватли ресторан қурилди. Уларда ҳам хизмат сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш режалаштирилган. Йил давомида ўртача 54 мингдан зиёд меҳмонни қабул қилиш мўлжалланган. Мажмуада 100 дан ортиқ киши ишли бўлади.

Айни пайтда 6 та шале қурилиши давом этмоқда. Президент янги мажмуалар қуриш ва хизмат кўрсатишда илғор тажрибаларни қўллаш, ходимлар малакасини ошириш муҳимлигини қайд этди. Ҳудуддаги имкониятларни туризм платформаларида тарғиб этиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни фаол жалб этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Таъкидланишича, шу ерда 300 та автомобилга мўлжалланган тураргоҳ ҳам бор. Унинг биринчи қаватида ресторан, болалар майдончаси ва савдо мажмуаси ташкил этилган. Бу нафақат қулайлик, балки туристлар учун қўшимча хизматларни яхлит тақдим этиш имкониятини ҳам беради.

“Умуман, “Чимён” умуммавсумий курорти самарасида хизмат кўрсатиш соҳасида минглаб янги иш ўринлари, маҳаллий аҳоли учун барқарор даромад манбаи пайдо бўлади. Туристларга энг замонавий хизматларни таклиф этиб, мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини сезиларли оширади. Бўстонлиқда туризм бошқа соҳалар билан уйғун тарзда ривожланиб, бутун ҳудуднинг иқтисодий қиёфасини ўзгартираяпти. Савдо ва хизматлар тури, транспортлар ҳаракати кўпайяпти. Шу боис, умуммавсумий курорт лойиҳаси доирасида автомобиль йўлида туннел ҳам қурилди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, ушбу иншоот таркибига узунлиги 1 минг 450 метр бўлган асосий йўл қисми, 2 та кўприк ва пиёдалар йўлаклари киради. У ҳудуддаги тоғ курортларига олиб борувчи асосий йўлни қисқартиради. Хавфсизликни ошириб, транспортлар ҳаракатини енгиллаштиради. Туннел орқали соатига 500 дан зиёд автомашиналар хавфсиз ва қулай ҳаракатланиши мумкин.

Йўллар қулайлиги ҳудуднинг туризм салоҳиятини тўла ишга солиш ва иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим омили экани таъкидланди. Шу билан бирга, табиатни мусаффо сақлаш, дам олувчиларнинг экологик маданиятини ошириш муҳимлиги қайд этилди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига бориб, “Ренессанс” болалар соғломлаштириш оромгоҳида яратилган шароитлар билан танишгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Чимён Бўстонлиқ осма дор йўли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг