Бундай ҳолатларни хотиржам кузатиш мумкин эмас – Саида Мирзиёева тўйида келинни калтаклаган куёв ҳақида
Жамият
−
16 Июнь 2022
57961Ижтимоий тармоқларда видеоси тарқалган, тўй вақтида куёв келинни ургани каби ҳолатларга бир-бир бўлиб туради-да, деб оддий қараш мумкин эмас. Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Сурхондарёдаги тўйда куёв келинни урганига муносабат билдириб, шундай фикрни илгари сурди.
“Келинни, танловда ғолиб бўлишга журъат этгани учун, тўйда урган куёв видеоси жамиятимизда катта резонанс уйғотди.
Бу ҳодиса қаерда содир бўлгани муҳим эмас, ўзимиздами ёки қўшни юртдами, икки кун олдинми ёки икки йилми - фарқи йўқ. Бу жирканч вазиятга бизнинг муносабат муҳим.
Агар бу ҳодиса сизни ва атрофингиздагиларни ғазаблантирган, ҳайратга солган бўлса, демак атрофингизда соғлом жамоа бор.
Мабодо “аёл эркакка ён босиши шарт”, “ўзи айбдор, тили узун бўлса керак” каби гапларни эшитаётган бўлсангиз, мана бу ҳақиқий фалокатдир”, дейди Саида Мирзиёева.
У сўзида давом этиб, ривожланган, маданиятли юртда, бой ва бахтли яшашни хоҳлайдиган барча одамлар аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини англаши ва шу қарашда қатъий туриши зарурлигини урғулаган.
“Бундай ҳолатларни хотиржам кузатиш, бир-бир бўлиб туради-да, деб оддий қараш мумкин эмас. Ва калтабин куёвтўрани қоралаб, келинга раҳмимиз келар экан, ўз фарзандларимизга нисбатан ҳам шундай муносабатда бўлмаслик, яъни мактабни битиргач ўқишни тақиқламаслик, иложи борича тезроқ турмушга беришга ёки уйлантиришга ҳаракат қилмаслик, ўз ақли билан яшашга рухсат бериш муҳимдир.
Айнан шу боис бизга истиқболли кенг йўлларни очадиган, аёлларни мустақил ва кучли қиладиган таълим зарур. Таълим бизга ҳаётимизни қандай ўтказишни танлаш имконини беради”, дейди Саида Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолат халқаро ОАВнинг ҳам эътиборини тортмасдан қолмади. Хусусан, Германиянинг оммавий “Bild” нашри ушбу видео орқали Ўзбекистонда аёллар билан боғлиқ ҳолатга баҳо беришга уринди.
“Баъзилар учун бу ажойиб кун ва эр-хотин сифатида бахтли ҳаётнинг бошланиши. Аммо дунёдаги кўплаб аёллар учун бу никоҳ дўзахига саёҳат учун фақат бошланғич сигналдир!”, дея ёзган нашр.
Ҳолат акс этган видео Ўзбекистон чегараларидан анча узоққа етиб бориши ортидан тўйда келинни калтаклаган куёв топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судга юборилгани билдирилди.
LiveБарчаси