“Ўзбекистонда аёлларни уриш нон сотиб олишдек гап”. Куёвнинг донғи Германиягача етиб борди (видео)

Жамият 45259
image
-

Ўзбекистондаги тўйда эндигина турмуш қураётган келин никоҳ кечасида куёв томонидан калтакланиши ижтимоий тармоқларда муҳокама майдонининг асосий мавзусига айланиб, Ғарб нашрларигача етиб борди. Хусусан, Германиянинг оммавий “Bild” нашри ушбу видео орқали Ўзбекистонда аёллар билан боғлиқ ҳолатга баҳо беришга уринди. 

“Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳар куни нон сотиб олишдек оддий ҳол”, деб ёзади нашр. 

Гап шундаки, бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда янги келин ва куёвнинг тўй вақтида олинган видеоси тарқалди. Унда икки ёш никоҳ кечасига тўпланган меҳмонлар қаршисида кичик ўйин ўйнайдилар. Унда келин шартни биринчи бўлиб бажаради ва ғолиб бўлади. Мағлублик аламига чидай олмаган куёв эса меҳмонлар қаршисида бор кучи билан келиннинг бошига мушт туширади. Келин каловланиб, йиқилай дейди. 

Ушбу ҳолатга баҳо бераркан, Германия нашри шундай ёзади: 

“Баъзилар учун бу ажойиб кун ва эр-хотин сифатида бахтли ҳаётнинг бошланиши. Аммо дунёдаги кўплаб аёллар учун бу никоҳ дўзахига саёҳат учун фақат бошланғич сигналдир!”

Нашр воқеани баён қиларкан, ушбу жараёнда ҳеч ким куёвга жавоб муштини туширишга ҳаракат қилмагани, аёлни ҳимоясига олмагани ва ҳатто, куёвнинг ёнидаги йигит ҳам буни кулиб қаршилаганини ҳайрат билан изоҳлайди. 

“Бошқа ҳеч нарса бўлмайди. Ҳеч ким ўрнидан туриб куёвни ўзига яраша калтакламайди. Ҳеч ким полицияга бориб, унга хабар бермайди. Бу нарсага эришишига шубҳа қилиш мумкин, чунки Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳар куни нон сотиб олишдек оддий ҳол. 

Мажбурий никоҳлар ва аёллар фақат эркакларга хизмат қилиш, фарзанд кўриш ва уй хўжалигини юритиш учун яхши, деган ғоя ҳам одатий ҳолдир”, деб ёзади нашр. 

Ҳозирча ушбу ҳолат қаерда содир бўлгани аниқ эмас. Видео бўйича ИИВ, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси муносабат билдирганича йўқ. 

 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1392
Рейтинг: 3.1
t
×