Онлайн қиморни реклама қилган блогерлар жавобгарликка тортилди
3-саҳифа
−
12 Август 9161 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқлар орқали букмекерлик ва қимор ўйинларини тарғиб қилган блогерлар жаримага тортилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, олиб борилган ўрганишларда ижтимоий тармоқларда бир неча юз минглаб кузатувчиларига эга бўлган блогерлар ўз саҳифаларида букмекерлик хизматларини реклама қилган.
Хусусан, “Melbet” букмекерлик товар белгисидан фойдаланган, шунингдек қимор ўйинларини тарғиб қилувчи саҳна кўринишлари орқали жойлаштирилган видеороликлар фуқаро Амирхон Ўткир ўғли Шамсиддинов (amirxon_uzbek) ва фуқаро Дониёр Маъруф ўғли Илёсовга (donik_krash) тегишли экани аниқланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан блогерлар белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиб, тегишли ҳужжатлар судга юборилган.
Маълумот учун, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 46-моддасига кўра, Ўзбекистонда қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш тақиқланади. Бундай фаолиятни реклама қилиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида онлайн қиморни ўз Instagram саҳифасида реклама қилган блогер қўлга олинганди.