Бухорода ўлдирилган қиз бўйича Ҳиндистонда жиноий иш очилди
3-саҳифа
−
09 июл 6835 2 дақиқа
Аввалроқ, Ўзбекистонда 22 ёшли ҳиндистонлик талаба курсдоши томонидан ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Ҳиндистоннинг Керала штати полицияси қотиллик бўйича жиноий иш очди. Бу ҳақда “Rediff” хабар берди.
Қайд этилишича, иш Алаппужа тумани Ҳарипад полиция бўлимида марҳуманинг ота-онаси берган ариза асосида рўйхатга олинган. Шу билан бирга, Алаппужа тиббиёт коллежида суд-тиббий экспертиза ҳам ўтказилган.
“Жиноят Ўзбекистонда содир бўлган бўлса-да, бу ерда ишни қўзғатиш қоидалари мавжуд. Агар у ердаги полиция айбланувчини жавобгарликка тортса, биз ишни ёпамиз. Бўлмаса ишни ўзимиз давом эттирамиз. Биз тергов жараёнининг боришини аниқлаштириш учун Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси орқали Ўзбекистон расмийлари билан боғланамиз. Гумонланувчи у ерда ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар бор. Шу сабабли Ташқи ишлар вазирлиги орқали иш тафсилотлари ва Ўзбекистон расмийлари томонидан кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот оламиз”, дейди Каямкулам бўлинмаси полиция бошлиғи ўринбосари Бинукумар.
Марҳуманинг оиласи эса иш бўйича Кералада ҳам тўлиқ тергов ўтказилиши ва асосий гумонланувчининг Ҳиндистонга экстрадиция қилинишини талаб қилмоқда. Полиция бундай имконият халқаро ҳуқуқий тартиб-таомиллар асосида кўриб чиқилишини билдирган.
Маълумотларга кўра, қизнинг ўлимида унинг Малаппурам туманидан бўлган курсдоши гумон қилинмоқда. Улар ўртасида юзага келган жанжал вақтида йигит қизнинг бошига ноутбук билан зарба берган ва бу унинг ўлимига сабаб бўлган. Бироқ марҳуманинг яқинлари воқеа бундан анча оғирроқ бўлганини таъкидламоқда.
Уларнинг айтишича, жасадни олиб келиш учун Ўзбекистонга борганида қизнинг танасида кўплаб жароҳатлар аниқланган. Оила аъзоларининг даъвосига кўра, Ўзбекистондаги терговчилар марҳума ўлимидан олдин қийноққа солингани ва бир неча бор шафқатсиз калтаклангани ҳақида маълумот берган.
Шунингдек, оила вакилларининг фикрича, марҳуманинг ўлимига фақат бошига етказилган зарба эмас, балки унга нисбатан илгари содир этилган зўравонликлар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Марҳуманинг яқинлари айнан шу сабаб Ўзбекистонда олиб борилаётган тергов якунларини диққат билан кузатаётгани ҳамда зарурат туғилган тақдирда гумонланувчи жавобгарликдан қочиб кетмаслиги учун Ҳиндистонда ҳам жиноят иши қўзғатилишини сўраганини билдирган.
Ҳозирча Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари мазкур иш юзасидан расмий баёнот бермади.
Эслатиб ўтамиз, ҳолат Бухоро вилоятида тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган 2 нафар ҳиндистонлик талаба ўртасидаги жанжал оқибатида содир бўлган. Қотилликда гумонланаётган шахс Малаппурам туманида туғилган 23 ёшли Садҳарул Анам экани айтилмоқда.
Live
Барчаси