Бухорода Lacetti икки ўқувчини уриб кетди. Қурбон бор (видео)
3-саҳифа
−
03 Октябрь
10350Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятида тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 2 нафар пиёдани Lacetti ҳайдовчиси катта тезликда келиб уриб юборгани акс этган видео тарқалди. Ҳодиса юзасидан вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳолат кеча, 2 октябрь куни соат 05:54 да Қоракўл туманида О.М. Lacetti автомашинасида Қоракўл тумани марказидан автобошбекат томон ҳаракатланиб бораётган вақтида 15-сонли ИДУМ тўғрисида жойлашган тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойидан ўзига нисбатан ўнгдан чапга ўтаётган икки нафар ўқувчини уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
Бир нафар пиёда ЙТҲда олган тан жароҳатлари оқибатида Қоракўл туман шифохонасида вафот этган. Иккинчи ўқувчи ҳозирги кунда шифохонада даволанмоқда.
Ҳайдовчи О.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда у Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси (Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсни ушлаб туриш асослари) тартибида қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Cobalt русумли машина 41 ёшли эркакни уриб юборган ва оқибатда пиёда вафот этганди. Самарқанд вилоятида “Жигули” ва Spark иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида эса 4 ёшли қиз вафот этганди.