Бухорода қалъа девори қулаб тушди
Маданият-санъат
−
13 Март 2022
20671Жорий йилнинг 11 март куни кечки пайт Бухоро шаҳридаги “Талипоч қалъа дарвозаси” чап томонидаги қалъа деворининг бир қисми қулаб тушди. Маданий мерос агентлигига кўра, бунга ҳафта давомида Бухорода ёмғир ёғгани сабаб бўлган.
Кеча, 12 март куни Бухоро вилоят ҳокимяти, Маданий мерос бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Бухоро минтақавий реставрация маркази, Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси масъул ходимлари ва бошқарманинг махсус эскспертларидан иборат Жамоатчилик Илмий маслаҳат кенгаши аъзолари жойида ҳодиса ўрганиб чиққан.
Ўрганиш натижасида, XVI асрга тегишли “Талипоч қалъа дарвозаси” 2003 йилда қайта тиклангани, ўтган йиллар давомида қалъа атрофидаги деворнинг чап қаноти ортидаги маданий қатламларнинг чўкиши, қоплама деворларида ёриқлар пайдо бўлиши ҳамда жорий йилнинг март ойида кузатилган доимий ёғингарчилик деворнинг чўкиши ва қулаб тушишига олиб келгани аниқланган.
Таъкидланишича, “Талипоч қалъа дарвозаси” 2022 йил давомида асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг манзилли рўйхатига киритилган.
Ҳозирда соҳа мутасаддилари ва мутахассислар томонидан мазкур объектнинг атрофини ўраб олиш, мазкур ҳуддудда яшовчи фуқаролар ва объектга ташриф буюрувчи сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилган.
Шунингдек, Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси ва экспертлар томонидан объектнинг техник ҳолати ўрганилиб ва уни тезкорлик билан қайта тиклаш чораларини кўриш бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда.
LiveБарчаси