Бухорода 16 ёшли йигит ва 17 ёшли қизнинг тўйи бўлди
3-саҳифа
−
02 Июль
13019Бухоро вилоятида эрта турмуш қурган 16 ёшли куёв ҳамда 17 ёшли келиннинг ота-оналарини маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ҳужжатлар судга юборилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 29 июнь куни Бухоро шаҳридаги “Фатҳобод” тўйхонасида Шофиркон туманидан бўлган 2008 йилда туғилган йигит A.A. ва Қоракўл туманидан бўлган 2007 йилда туғилган Р.Н. исмли қизнинг тўйи бўлиб ўтган. Ҳолат юзасидан Қоракўл туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Билдирилишича, бугун, 2 июль куни вояга етмаганларнинг ота-оналари Н.С. ва Н.Қ. ларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-3 моддаси (Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш) билан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ҳужжатлар судга юборилган.
Маълумот учун, Оила кодексининг 15-моддасида никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтириши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-3-моддаси 2-қисмига кўра, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда (2 миллион 380 минг сўмдан 5 миллион 100 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.
LiveБарчаси