Бухоро вилоятининг биринчи ҳокими вафот этди
Жамият
−
04 Июль 21989 2 дақиқа
1992-1994 йилларда Бухоро вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган Дамир Ёдгоров бугун, 4 июль куни узоқ давом этган хасталикдан сўнг, 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Дамир Ёдгоров 1937 йил 18 февралда Шофиркон туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини муваффақиятли тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини Тошкент қишлоқ хўжалиги институти ёшлар қўмитасининг котиблиги лавозимидан бошлаб, узоқ йиллар Ёшлар ташкилоти ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги тизимидаги масъул вазифаларда ишлаган.
1992-1994 йилларда у Бухоро вилояти ҳокими сифатида фаолият юритган.
Унинг раҳбарлигида вилоятда селекция ва уруғчилик соҳасини илмий ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилган.
Хусусан, Ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқиқот институти Бухоро филиали директори сифатидаги меҳнат фаолияти йилларида пахтанинг Зарафшон воҳасига мос 10 га яқин иқтисодий самарадор навлари кашф этилган.
Дамир Ёдгоровнинг ҳудудни ривожлантириш борасидаги хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланиб, у “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими” унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
Маълумот учун, Ўзбекистондаги 13 та ҳудуднинг 9 тасида ҳокимлар 1992 йилдан вазифасига киришган. Бироқ улар вилоят компартияси раҳбари сифатида амалда ўз ҳудудларини бошқарган. Фақатгина уларни лавозимга тайинлаш тўғрисидаги президент фармони 1992 йилда чиққан. Дамир Ёдгоров ҳам Бухоро вилоятининг биринчи ҳокими бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов 74 ёшида вафот этганди. Азим Латипов 1951 йил 6 июнь Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида таваллуд топган. Меҳнат фаолиятини 1971 йилда чорвачилик механиги сифатида жамоа хўжалигида бошлаган.
Live
Барчаси