Бугундан табиий газ учун базавий меъёр 100 кубга туширилди
Жамият
−
01 Апрель 2025 16971 2 дақиқа
Бугун, 1 апрель кунидан бошлаб иситиш мавсумида табиий газ учун жорий қилинган 500 куб метрлик базавий меъёр 100 куб метрга туширилади. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йилдаги 204-сонли қарори бўйича мазкур шкала март ойида ўзгариши белгиланган. Бироқ март ойида ҳаво ҳароратининг паст бўлиши ва одатдагидан кўра совуқроқ келиши муносабати билан давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан иситиш мавсуми учун белгиланган 500 кубометр базавий меъёр 2025 йилнинг 1 апрелигача узайтирилган.
Шундай қилиб, бугундан 1 майгача аҳолига газ истеъмоли учун тарифлар қуйидагича:
- 100 куб метргача – 650 сўм;
- 101 куб метрдан 2500 куб метргача – 1500 сўм;
- 2500 куб метрдан 5000 куб метргача – 1950 сўм;
- 5 минг куб метрдан 10 минг куб метргача – 2275 сўм;
- 10 минг куб метрдан ва ундан юқори истеъмол учун – 2600 сўмдан бўлди.
1 апрелдан электр энергияси ва газ бўйича янги тарифлар кучга кириши керак эди. Президент эса аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан ишончли тарзда таъминлаш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига янги тарифлар аввал режалаштирилганидек 1 апрелдан эмас, 1 майдан кучга кириши бўйича топшириқ берди.
Шунинг билан, 1 майдан аҳолига газ истеъмоли учун тарифлар қуйидагича бўлади
- 100 кубометрча — 1000 сўм;
- 101 дан 2500 кубометргача — 1800 сўм.
Live
Барчаси