Бугун Ер яқинидан астероид ўтади. У қанчалик хавфли?
Олам
−
18 Май 5542 2 дақиқа
Европа космик агентлиги (ESA) маълумотига кўра, яқинда кашф этилган 2026JH2 номли астероид бугун, 18 май куни Ер ёнидан хавфсиз тарзда ўтиб кетади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Аризона штатининг Тусон шаҳридаги Mount Lemmon тадқиқот маркази астрономлари астероидни 10 май куни аниқлаган ва унга 2026JH2 деб ном берган. У “Апполон” синфига мансуб астероид бўлиб, Қуёш атрофида Ер орбитаси билан кесишадиган траектория бўйлаб ҳаракатланади.
Энг яқин ўтиш пайтида 2026JH2 Ерга тахминан 91 593 километр масофагача яқинлашади. Бу Ер ва Ой орасидаги масофанинг қарийб 24 фоизига тенг бўлиб, ҳатто геосинхрон сунъий йўлдошлар орбитасидан ҳам анча узоқ ҳисобланади.
Массачусетс технология институти профессори Ричард Бинзелнинг таъкидлашича, астероид яқин масофадан ўтишига қарамай, у ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Унинг сўзларига кўра, бундай кичик астероидлар Ер ёнидан жуда тез-тез ўтиб туради ва бу одатий космик ҳодиса ҳисобланади.
Олимларнинг тушунтиришича, 2026JH2 Марс ва Юпитер орасидаги астероид камаридан келиб чиққан. Астероиднинг аниқ ўлчами ҳозирча тўлиқ маълум эмас. Сабаби, оптик телескоплар фақат унинг ёрқинлигини қайд этади, бу эса объектнинг қанчалик катта эканини аниқ кўрсатмайди. Тахминларга кўра, 2026JH2 астероидининг диаметри 15 метрдан 30 метргача бўлиши мумкин.
Мутахассислар унинг яқин ўтишини хавотирли ҳолат эмас, балки оддий астрономик ҳодиса деб баҳоламоқда. Шу билан бирга, олимлар астероиднинг келажакдаги орбитасини аниқ башорат қилиш қийинлигини ҳам таъкидлайди, чунки кичик космик жисмларнинг ҳаракати вақт ўтиши билан ўзгариши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 FA22 астероиди Ер ва Ой ёнидан тахминан 800 минг км масофада хавфсиз ўтган эди.
Live
Барчаси