Бугун “Пахтакор” чорак финал йўлланмаси учун “Ал-Ҳилол”га қарши майдонга тушади
Спорт
−
11 Март 8473 2 дақиқа
Элит Осиё Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичининг жавоб ўйинлари доирасида бугун, 11 март куни Тошкентнинг “Пахтакор” клуби юлдузли таркибга эга ва қитъанинг энг совриндор жамоаси ҳисобланмиш Саудиянинг “Ал-Ҳилол” жамоаси ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади.
“Пахтакор” чорак финалга ўта оладими?

Тошкент клуби ушбу ўйинга яхши кайфиятда келмоқда. Сабаби, илк ўйинда “Пахтакор” ўз уйида “Ал-Ҳилол”ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Фламарионнинг ягона голи “шерлар”га ғалаба келтирганди. Жавоб ўйинида ҳам рақибига яхшигина қаршилик кўрсата олади. Чунки тошкентликлар қишки трансферлар ойнасида таркибда бир қанча ўзгаришлар амалга оширди. Брайан Риаскос, Фламарион, Жонатан, Жонатан Лукка каби легионерлар жамоага олиб келинди. Дастлабки баҳсда ўйин масаласини айнан легионерлар ҳал қилди. Брайан Риаскоснинг қанотдан узатиб берган узатмасини Фламарион кўкка совурмади ва дарвозани ишғол қилди.
“Ал-Ҳилол”нинг жиддий йўқотишлари

Саудия клуби “Пахтакор”га қарши жавоб ўйинига таркибдаги жиддий йўқотишлар билан келмоқда. Жамоанинг асосий ҳужумчиси Александр Митрович жароҳатини тузатиш билан банд. Қанот ҳимоячилари Жоау Канселу ва Ренан Лоди узоқ муддатга сафдан чиққан. Ярим ҳимоячи Сергей Милинкович Савич ҳам “Пахтакор”га қарши илк ўйинда жароҳат орттириб олгани ва у ҳам бир неча ҳафтани ўтказиб юбориши маълум бўлди. Аммо Мальком ва Жоау Невешнинг тушиши эҳтимоли катта, чунки ушбу футболчиларда жароҳат йўқ. Мана шундай йўқотишлар билан ҳам Жорже Жезуш шогирдлари осонликча турнирни тарк этмаслиги аниқ. Агар мана шу баҳсда Саудия клуби мағлуб бўладиган бўлса “Ал-Ҳилол” раҳбарлари мураббий билан хайрлашиши мумкинлиги ҳам маълум бўлганди.
“Пахтакор” рақибнинг йўқотишларидан яна бир бор фойдаланиб, ўзи учун қулай натижа қайд эта оладими, ёки “Ал-Ҳилол” тажрибаси эвазига тарози палласини ўз томонига оғдирадими? Ушбу саволга Тошкент вақти билан 12 мартга ўтар кечаси соат 01:00 да старт оладиган “Ал-Ҳилол”-“Пахтакор” ўйини орқали жавоб оламиз.
Қайд этиш жоиз, жавоб ўйинидаги дуранг натижа ҳам тошкентликларни қаноатлантиради.