Бугун Озарбайжон Эрондаги элчихонасини эвакуация қилди
Олам
−
29 Январь 2023
7217Бугун, 29 январь куни Озарбайжон қуролли ҳужумдан сўнг элчихона ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини Эрондан эвакуация қилмоқда. Бу ҳақда Озарбайжон ТИВ хабарига таяниб, “Reuters” маълум қилди.
Эрон ҳукумати жорий йилнинг 27 январь куни Теҳрондаги Озарбайжон элчихонасига уюштирилган қуролли ҳужумни қоралаган, аммо қуролли шахс сиёсий эмас, шахсий мақсадда ҳужум қилганини таъкидлаган.
Нашрга кўра, воқеа Эроннинг халқига нисбатан муносабати туфайли қўшни давлатлар ўртасида кескинлик кучайган бир пайтда ва Озарбайжоннинг шу ойда Исроилга ўзининг илк элчисини тайинлаш қарори фонида юз берди.
Ҳужумдан кейин Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги адолат талаб қилиш учун Эроннинг Бокудаги элчисини чақирганини ва элчихона ходимларини Теҳрондан эвакуация қилишини маълум қилди. Унда қўшимча маълумотлар, жумладан, элчихона ўз фаолиятини давом эттирадими ёки йўқми, айтилмаган.
Аввалроқ вазирлик отишма Теҳроннинг хавфсизликни яхшилаш борасидаги чақириқларига қулоқ солмагани оқибатида рўй берганини айтганди.
Кейинроқ Эрон давлат телевидениесида ҳужумчи сифатида таништирилган оқ сочли эркак озарбайжонлик хотинини озод қилиш учун ҳаракат қилганини айтди, унинг фикрича, аёл элчихонада ушлаб турилган. Бироқ эркакнинг қизи экани айтилган ёш аёл онаси Озарбайжонда эканини айтиб ўтган.
“Эрон Президенти Иброҳим Раисий воқеани “ҳар томонлама тергов қилишга” чақирди ва Озарбайжон ва ҳалок бўлган эркакнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди”, дея хабар беради Президент Матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь куни соат 08:30 да Теҳронда Озарбайжон элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилди. Ҳужум қилган шахс Калашников автомати билан қуролланган. Ҳодиса оқибатида хавфсизлик хизмати бошлиғи ҳалок бўлди, унинг икки ҳамкасби яраланди. Иккинчисининг ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда. Эрон полицияси Озарбайжон дипломатик ваколатхонасига уюштирилган ҳужумда гумонланувчининг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Шундан сўнг, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев элчихонага уюштирилган қуролли ҳужумни қоралаб, уни террорчилик ҳаракати деб баҳолади.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айхан Ҳожизода эса Озарбайжон қуролли ҳужумдан кейин мамлакат элчихонаси ходимларини эвакуация қилмоқчилигини маълум қилган эди.
Шунингдек, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийян озарбайжонлик ҳамкасби Жейҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига қилинган ҳужумдан икки давлат душманлари фойдаланганини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжоннинг Эрон пойтахти Теҳрондаги элчихонасига уюштирилган ҳужум юзасидан муносабат билдириб, ушбу ҳолатни кескин қоралашини маълум қилди.
LiveБарчаси