Бугун “Нефтчи” Роналду жамоаси билан ўйнайди
Спорт
−
10:51 942 3 дақиқа
Бугун, 12 октябрь куни Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси Саудия Арабистонида Криштиану Роналду етакчилигидаги “Ал-Наср” клубига қарши баҳс олиб боради. Учрашув ОФК Чемпионлар лигаси 2 мусобақаси доирасида ўтказилади.
Ар-Риёд шаҳридаги “Ал-Аввал Парк” стадионида бўлиб ўтадиган баҳс Тошкент вақти билан соат 23:15 да бошланади.
“Нефтчи” бош мураббийи Ислом Исмоилов бўлажак учрашув ҳақида ўз фикрларини билдириб, жамоа Ар-Риёдга муносиб натижа учун борганини таъкидлади.
“Бугунги учрашувдаги рақибимиз – Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган “Ал-Наср”. Уларнинг таркибида жаҳон футболида ўз ўрнига эга, юқори савияли ва катта тажрибага эга футболчилар тўп суришади. Албатта, бу биз учун жуда муҳим учрашувлардан бири. Биз Ар-Риёдга шунчаки майдонга тушиб, ўйин ўтказиш учун эмас, балки муносиб натижага эришиш мақсадида келдик. Рақибнинг кучини яхши тушунамиз, шу билан бирга, ўз имкониятларимизга ҳам ишонамиз. Бўлажак баҳсда бор кучимиз, маҳоратимиз ва жамоавий бирдамлигимизни ишга соламиз. Майдонда охиригача курашиб, чиройли футбол намойиш этиш ва Фарғона ҳамда бутун Ўзбекистон халқини хурсанд қилиш учун ҳаракат қиламиз”, дейди Ислом Исмоилов ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида.
Бугун, 12 октябрь куни Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси ҳам ОФК Элит Чемпионлар лигаси доирасида ўз учрашувини ўтказади. Мусобақасининг иккинчи турида “шерлар” Саудия Арабистонининг “Ал-Қодисия” клубини қабул қилади. “Пахтакор” стадионида ўтадиган учрашув соат 18:45 да бошланади.
“Пахтакор” жамоасининг халқаро майдондаги бош мураббийи Эмилиан Карас бўлажак баҳс олдидан рақибнинг салоҳиятига юқори баҳо берди ва мухлисларни жамоани қўллаб-қувватлашга чақирди.
“Чемпионлар лигаси Тошкентга қайтганидан хурсандмиз. Ушбу кучли рақибни кутиб олаётганимиздан мамнунмиз. Мухлислар келиб, бизни янада кўпроқ қўллаб-қувватлайди, деб умид қиламиз. Рақиб жамоа таркибида Европа ва Жанубий Америкадан катта маблағ эвазига харид қилинган юқори савияли футболчилар жамланган. Уларда “Ливерпуль” ва “Селтик” каби клубларда ишлаган, катта номга эга жуда яхши мураббий бор. Яъни, жамоа жуда рақобатбардош. Ҳозирги босқичда улар иккинчи ўринда бормоқда ва менимча, пешқадам “Ал-Ҳилол” билан биргаликда чемпионатдаги энг яхши ўйинни кўрсатмоқда. Шундай бўлса-да, биз рақибни кутяпмиз ва эртанги ўйинга тайёргарлик кўряпмиз. Яхши ўйин кўрсатишга, энг муҳими, ижобий натижага эришишга ҳаракат қиламиз. Шундай ажойиб об-ҳавода барчани футболга, ушбу ўйинга йигитларимизни қўллаб-қувватлаш учун таклиф қиламиз”, дейди Эмилиан Карас.
Маълумот учун, “Нефтчи” мусобақанинг биринчи турида “Эйр Форс” жамоасини кичик 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди. “Пахтакор” эса сафарда Саудиянинг “Ал Аҳли” жамоаси билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь