“Бу шармандалик”: Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги тўқнашувга дунё қандай муносабат билдирди?

Олам

image

Бугун, 7 майга ўтар кечаси тунда Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш баёнотида икки давлат қуролли кучларини босиқликка чақирди.

“Дунё Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳарбий тўқнашувга йўл қўя олмайди”, деди у.

NBC News хабарига кўра, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вазиятдан хабардор эканини билдирган. Давлат котиби Марко Рубио икки давлатдаги ҳамкасблари билан суҳбатлашган.

“У Ҳиндистон ва Покистон етакчилари ўртасидаги алоқа каналини тиклашга чақирмоқда. Бу вазиятни юмшатиш ва яна кучайишининг олдини олиш учун зарур”, деди АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Брайан Хьюз.

Бунгача эса журналистлар билан суҳбатда АҚШ Президенти Дональд Трамп можарога “бу шармандалик”, дея изоҳ берган ва бу жуда тез якун топишига умид билдирган.

Хитой ҳар икки давлат билан чегарадош бўлган мамлакат сифатида зарбаларни “ачинарли” деб атаган ва ҳар икки томон “тинчлик ва барқарорлик йўлида ҳаракат қилиши лозимлигини” таъкидлаган.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можаронинг кескинлашуви борасида хавотир билдирди.

“Биз Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлган дўст давлатлар – Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддият кучайиб бораётганидан чуқур хавотир билдирамиз”, дейилади Президент баёнотида.

У ҳар икки томонни максимал даражада босиқлик кўрсатишга, можарони янада кучайтиришга йўл қўймасликка ва тинч йўл билан ҳал этиш учун музокараларга қайтишга чақирган.

Исроил Ташқи разведка хизмати Моссад ҳам мазжур воқеалардан сўнг муносабат билдириб, Исроил Ҳиндистонни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

“Исроил Ҳиндистонни қўллаб-қувватлайди”, дея баёнот берди Моссад.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.

Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди.

Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди

30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг