Бу ишларга қачон “точка” қўямиз? – Норбоева ССВ Президент топшириғини бажармай келаётганини айтди

Жамият

Ўзбекистонда аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари сони ортиб бормоқда ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги унинг сабаблари билан эмас, оқибатлари билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси – Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева комиссиянинг навбатдаги йиғилишида сўз очди. 

Норбоевага кўра, икки йил аввал Президент Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш вазирлигига аёллар орасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг сабабларини бартараф қилиш масаласида топшириқлар берган. Бироқ, вазирлик бугунгача бу топшириқ ижроси билан шуғулланмаган. 

Ўзбекистон аёлларининг кайвониси Норбоева сўзида давом этаркан, дунё миқёсидаги суицид масалалари билан ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шуғулланиши, шу маънода Ўзбекистонда ҳам бу йўналишни таҳлил ва тадқиқ қилиш ССВнинг вазифаси эканини урғулади. 

“2018 йилда давлат раҳбарига “суицидга фақат хотин-қизлар қўмитаси масъул бўла олмайди”, деб айтгандим. Яхшилаб ўйлаб кўрсак, суицид масаласи бу инсоннинг психологияси билан боғлиқ. Бундан келиб чиқадики, бу тиббий йўналишдаги муаммо. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз стандартларига кўра, дунё бўйича суицид (ўз жонига қасд қилиш) ҳолатлари билан шуғулланади ва бор масъулиятни ҳам шу ташкилот олади. Суицид ҳолатларини ўрганиб, унинг сабаблари ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича таҳлил қилади”, дейди Сенат раиси.


QALAMPIR.UZ таҳлилига кўра, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда хотин-қизлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари асосан 30-35 ёшгача бўлган аёл ва қизлар ўртасида учрамоқда. Қизлар орасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг аксарияти эса психологик ўзгаришлар, алданиб қолиш билан боғлиқ. 

Танзила Норбоева ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини бир она ва аёл ўлароқ юзида ачиниш ҳисси билан тилга оларкан, Президент Мирзиёев ССВга бу ҳолатларнинг сабабларини ўрганиш ва ишни шу асосида ташкил қилиш бўйича топшириқ берганини, бироқ бу топшириқлар бажирилмай келаётганини эслади. 

“Суицид бўйича Президентга ахборот берилганидан сўнг, қарор асосида Соғлиқни Сақлаш вазирлигига топшириқ берилган. Лекин шу кунга қадар вазирлик бу бўйича бирорта иш қилгани йўқ. Ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича на суицидолог, на руҳият билан ишлайдиганлар ҳеч қандай иш олиб бормаяпти.

Бунинг ўз стандартлари бўлиши керак. У стандартларни ҳаммага айтиб, унга қарши қаттиқ кураш олиб боришимиз шарт. Лекин бизда шу кураш йўқ. Мутлақо йўқ! Биз фақат суицид оқибатлари билан ишлаяпмиз. Кимдир ўз жонига қасд қилганидан кейин бориб, уни нега бундай қилмоқчи бўлганини сўраймиз. 

Ўлмай қолган бўлса, унга ёрдам берамиз, оламдан ўтганларининг оила аъзоларини тинчлантиришга ҳаракат қиламиз. Биз фақат шу билан ишлаяпмиз, холос. Қандай муаммо бўлишидан қатъи назар унинг олдини олиш ва сабаблари бўйича ишлашимиз зарур. Бизда муаммонинг сабабларини ким аниқлайди, деб савол берилса, бунга ҳеч ким, ҳеч қайси ташкилот жавоб бера олмайди”, дейди Норбоева.

Йиғилишда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Феруза Эшматовага суицид масаласини атрофлича ўрганиш ва бу бўйича қўмита мажлисида эшитув ташкил этиш, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари юзасидан ким қандай иш олиб бориши кераклиги ва халқаро тажрибаларни ўрганиш бўйича топшириқ берилди. 

 
“Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини олдини олиш учун нима ишлар қилиш керак, деган саволга жавоб топиш зарур. Суицидни камайтириш бўйича ишни бошламасак, бу ҳолат бугун ҳам, эртага ҳам давом этаверади. Муаммони олдини олмас эканмиз, 2021 йилда ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари юз бергани ҳақида гапираверамиз. Бу ишларга қачон “точка” қўямиз?

Бу бўйича қайси ташкилот шуғулланади, ким нима иш қилади, ҳаммасини режалаш керак. Нодавлат нотижорат ташкилотлар бизга жуда ҳам катта ёрдам беряпти. Бундан ташқари, журналист ва блогерлар бераётган хабарлар ҳам кўзимизни очиши керакмасми? Нима учун буни аниқ ўйлаб, ким нима иш қилиши кераклиги бўйича бир тўхтамга кела олмаймиз?”, дейди Танзила Норбоева.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева ўз жонига қасд қилиш Суицид

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг