“Бу бошланиши”. Нетаньяху аҳолига Ғазодан чиқиб кетишни тавсия қилди
Олам
−
09 Сентябрь 5237 2 дақиқа
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо шаҳридаги аҳолига мурожаат қилиб, улар шаҳарни тарк этиши кераклигини айтди. Вазирнинг бу ҳақдаги мурожаати “The Times of Israel” нашрида эълон қилинди.
Нетаньяхунинг даъво қилишича, сўнгги бир неча кун ичида Исроил армияси Ғазода “террор ўчоқлари” деб аталган кўп қаватли биноларни йўқ қилган. У жами 50 та шундай жой вайрон қилинганини таъкидлаган.
“Ҳозирча бу фақат асосий кенг кўламли операциянинг кириш қисми, яъни қўшинларимизнинг Ғазо шаҳрида ўтказадиган қуруқликдаги ҳужумлари учун тайёргарлик. Шу боис, мен бу имкониятдан фойдаланиб, Ғазо аҳолисига мурожаат қиламан. Мени диққат билан эшитинг: сиз огоҳлантирилдингиз. У ердан кетинг”, деган Исроил Бош вазири.
Қайд этиш жоиз, август ойининг бошида Исроилнинг ҳарбий-сиёсий кенгаши Ғазо шаҳрини назорат остига олиш режасини маъқуллаган эди. Режага кўра, жанговар ҳудудлардан ташқарида тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатилиши ҳам кўзда тутилган. Нетаньяху ўшанда Исроил бутун Ғазо секторини ҳарбий назорат остига олишга интилаётганини билдирган.
Бош вазир 7 август куни “Fox News”га берган интервьюсида Исроил Ғазо секторининг бутун қирғоқ ҳудудини эгаллаб, уни араб кучларига топширишни режалаштираётганини айтган эди.
“Биз у ерларни ушлаб қолишни истамаймиз. Биз хавфсизликни хоҳлаймиз. Биз уни бошқаришни истамаймиз. Биз у ерда ҳокимият органи сифатида қолмаймиз”, деган Исроил Бош вазири.
Бу Исроилнинг ғазоликларга йўллаган илк мурожаати эмас. Аввалроқ, Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Ғазо шаҳрида кенгайиб бораётган қуруқликдаги операциялар фонида аҳолига Хон-Юнисдаги “гуманитар зона”га кўчишни тавсия қилганди. Мазкур ҳудудда дала госпиталлари, сув тармоқлари ва туздан тозалаш иншоотлари жойлаштирилгани айтилган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳарбий амалиётлар оқибатида 63 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 163 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 367 нафар маҳаллий аҳоли, жумладан, 131 нафар бола очликдан вафот этган.
Вазият таранг нуқтага етганда ҲАМАС ҳам Исроил билан музокараларга дарҳол тайёр эканини маълум қилганди. Исроилнинг жавоби эса сўроқ остида қолмоқда. Бу розилик АҚШ Президенти Дональд Трампнинг дўқ пўписаларидан кейин юзага келди. Кўплар таклиф айнан Трампдан чиққани учун ҳам Исроил келишув столига ўтиришини айтмоқда, аммо баъзилар Исроилнинг ҳарбий амалиётлари бунинг тескарисини кўрсатаётганини таъкидлайди.
Live
Барчаси