Исроил Ғазодан аҳолини чиқариш учун “зона” ташкил қилди

Олам

image

Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Ғазо шаҳрида кенгайиб бораётган қуруқликдаги операциялар фонида аҳолига Хон-Юнисдаги “гуманитар зона”га кўчишни тавсия қилди. Бу ҳақдаги эълон бугун, 6 сентябрь куни армиянинг Telegram саҳифасида жойлаштирилди.

Мазкур ҳудудда дала госпиталари, сув тармоқлари ва туздан тозалаш иншоотлари жойлаштирилгани айтилган. У ер озиқ-овқат, чодир, дори-дармон ва тиббий жиҳозлар билан таъминланади. Буларнинг барчаси Исроил Мудофаа вазирлиги таркибидаги COGAT (окупация қилинган ҳудудларда ҳукумат фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими) ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда амалга оширилиши маълум қилинган. 

“Ғазо шаҳрида ва унинг атрофида яшовчи барча аҳолига мазкур ҳудудга ўтиш тавсия қилинади. Дарҳол гуманитар зонага боринг ва аллақачон бу ерга кўчган минглаб инсонларга қўшилинг”, дейилади расмий хабарда. 

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ғазо шаҳри ва унинг яқин ҳудудларида қарийб 1 миллион одам истиқомат қилади. Бу эса барча одамларнинг ушбу “гуманитар зона”га ўтолмаслигини англатади. 

Ғазода 2023 йилнинг 7 октябрь кунидан бери ҳалигача тинчлик йўқ. Халқаро ташкилотлар ушбу икки йил мобайнида Исроилни “тийиб қўйиш” ҳақида гапиради-ю, лекин амалий натижалар кўзга кўринмаяпти. Кўплар Исроил ташкил қилган “гуманитар зона”ларни ҳам тузоқ бўлиши мумкин дея ўйламоқда. 

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳарбий амалиётлар оқибатида 63 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 161 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 367 нафар маҳаллий аҳоли, жумладан, 131 нафар бола очликдан вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЦАХАЛ Ғазо шаҳри ҳудудининг 40 фоизи устидан назорат ўрнатгани ҳақида хабар берилганди. Исроил тинч аҳолини ўз хавфсизлиги учун Ғазодан эвакуация қилишга чақирди. Исроил томонига кўра, 70 минг киши аллақачон шаҳарни тарк этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо ЦАХАЛ гуманитар зона Хон-Юнис

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг