Бу бошланиши. Канада Эрондан 107 миллион доллар ундирмоқчи
Олам
−
04 Январь 2022
9811Канаданинг Онтарио провинцияси суди Эрондан 107 миллион доллар ундиришга қарор қилди. Гап Теҳрон яқинида Украина халқаро ҳаво йўллари самолёти ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули бериш ҳақида кетмоқда.
Хусусан, Онтарио Олий суди судьяси Эдвард Белобаба авиаҳалокатда ҳалок бўлган Канаданинг 63 фуқаросидан олти нафарининг меросхўрларига 100 миллион доллар миқдорида товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарган. Судья қарорига кўра, Эрон томони боқувчисини йўқотганларга яна 1 миллион доллар ва маънавий товон сифатида 6 миллион доллар тўлаши керак.
Даъвогарларнинг адвокати Марк Арнольд CBC телеканалига берган интервьюсида ҳимоячи компенсацияни ундириш учун ҳамма нарсани қилишга тайёрлигини айтган. Арнольднинг сўзларига кўра, унинг жамоаси Эроннинг Канададаги ва хориждаги активлари учун ариза бериш ниятида.
Адвокатнинг қўшимча қилишича, Эроннинг бошқа мамлакатларда нефть танкерлари бор.
“Оилаларга товон пули ундириш учун қонуний кураш давом этади. Унинг икки жиҳати бор: биз якка тартибда курашяпмиз, аммо Канада ҳукумати ўзи қилиши керак бўлган ишни қилмаяпти. Мен Бош вазир Трюдони (Канада Бош вазири Жастин Трюдо) оилалар курашини қўллаб-қувватлашга чақираман”, деган у.
Boeing 737 самолёти ҳалокати
2020 йил 8 январь куни Украина халқаро ҳаво йўллари авиакомпаниясининг Boeing-737 самолёти Теҳрон аэропортидан ҳавога кўтарилганидан сўнг ҳалокатга учради. Самолёт бортидаги 176 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Самолёт йўловчилари орасида Украина, Эрон, Канада, Швеция, Афғонистон, Буюк Британия фуқаролари ҳам бўлган.
Аввалига Эрон томони авария самолётдаги техник носозлик туфайли содир бўлганини таъкидлаган. Бироқ 11 январь куни Эрон расмийлари самолёт Эроннинг ҳаво мудофаа тизими томонидан янглишиб уриб туширилганини тан олган.
LiveБарчаси