Бу ҳали ҳолва – Эрдўған Сурия ва Ироққа ҳужумлар ҳақида
Олам
−
23 Ноябрь 2022
6401Сурия ва Ироқдаги террорчиларга берилаётган ҳаво ҳужумлари фақат бошланиши. Бу ҳақда бугун, 23 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған баёнот берди.
“Сурия ва Ироқдаги террорчиларга қарши ҳаво ҳужумлари фақат бошланиши. Чегараларимиз хавфсизлигини таъминлашга ҳеч қачон бунчалик жиддий муносабатда бўлмаганмиз. Операцияни биз учун энг қулай вақтда бошлаймиз. Сурия ва Ироқдаги маъмурият ўзини хавф остида ҳис қилмаслиги керак. Биз бу давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш ниятидамиз”, дейди у парламентдаги чиқиши чоғида.
Шунингдек, унинг қайд этишича, Туркия Сурия шимолидан келиб чиқадиган хавфсизлик масалаларини ўз хоҳишига кўра ҳал қилиш ҳуқуқига эга.
“Туркия мамлакатимизга қарши уюштирилган ҳужумларда иштирок этган террорчиларни ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда қўлга олиш ва жазолаш ҳуқуқига эга. Сурия шимолидаги муаммоларимизни ўзимиз ҳал қилиш ҳуқуқига эгамиз”, дейди у.
Унинг сўзларига кўра, агар янги трансчегаравий операция бошланса, Суриянинг Кобани, Манбиж ва Телл-Рифат шаҳарлар “террорчилардан тозаланади”.
“Сурия бўйича келишувлар иштирокчилари ўз мажбуриятларини бажармагани учун Туркия миллий хавфсизликка таҳдидни ўзи бартараф этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, дейди Эрдўған.
ЭрдўғанТуркияга трансчегаравий операциялар ёрдамида хавфсиз коридорининг бир қисмини аллақачон шакллантирганини маълум қилди.
“Қолганларини босқичма-босқич ҳал қиламиз”, дейди у.
Туркиянинг операциялари ҳақида
Туркия 2017 йилдан буён Суриянинг шимолий ҳудудларида учта ҳарбий операция ўтказди – “Фират қалқони”, “Зайтун новдаси” ва “Тинчлик булоғи”. Натижада Ҳалаб шимолидаги Аазаз ва Жераблус шаҳарлари орасида буфер хавфсизлик зонаси яратилди, Африн ишғол қилинди, Фурот дарёсининг шарқидаги чегара ҳудудлари назорат остига олинди. Туркия Президенти 22 ноябрь куни Сурия шимолида Курдистон ишчилар партияси (КИП) ва Анқара томонидан террорчи деб тан олинган Халқ ўзини-ўзи мудофаа кучларига қарши яқин келажакда қуруқликдан трансчегаравий операция ўтказиш имкониятини маълум қилди.
Туркиянинг “Панжали қилич” ҳаво операцияси 20 ноябрь куни 50 дан ортиқ самолёт ва 20 та дрон иштирокида бошланган эди. Ердан ҳаво ёрдами артиллерия томонидан таъминланди. Зарбалар КИП ва унинг Суриядаги бўлинмаси “Халқ ўзини-ўзи мудофаа кучлари”нинг базаларига берилган. Туркия Мудофаа вазирлиги Ироқ шимолидаги Қандил, Асос, Хакурк ҳудудлари билан бир қаторда Сурия шимолидаги Арап-Пинари, Телл Рифат, Жизре ва Дерик ҳудудларида операция муваффақиятли ўтказилганини маълум қилди.
Туркия матбуоти хабарига кўра, Туркиянинг F-16 қирувчи самолётлари 21-22 ноябрь кунлари Туркия чегара шаҳарлари Сурия томонидан ўққа тутилганидан сўнг Сурия ҳудудларига зарбаларни қайта бошлаган.
LiveБарчаси