Бруно Фернандеш Саудиянинг катта таклифини рад этганини тасдиқлади
Спорт
−
25 Октябрь 2025 1652 2 дақиқа
“Манчестер Юнайтед” сардори Бруно Фернандеш ёзги трансфер ойнасида Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубидан тушган катта таклифни рад этганини тасдиқлади. Маълум қилинишича, Яқин Шарқ жамоаси португалиялик юлдуз учун 80–100 миллион фунт стерлинг тўлашга тайёр бўлган. Бу ҳақда “GB news” нашри хабар берди.
31 ёшли ярим ҳимоячи “Манчестер Юнайтед”да қолиш қарорини Премьер-лига ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш орзуси билан изоҳлади. У қарор қабул қилишдан аввал турмуш ўртоғи Ана, шунингдек, собиқ жамоадоши Криштиану Роналду билан ҳам маслаҳатлашган.
“Мен менежер билан гаплашдим ва у ҳали ҳам лойиҳанинг муҳим қисми эканлигимни айтди. У қолишимни хоҳлади, клуб ҳам худди шундай фикр билдирди. Мен ҳар доим айтганман: агар клуб Бруно, биз сизни келажак режамизда кўрмаяпмиз, бироз даромад олишни хоҳлаймиз, деса, мен буни тушунаман ва ўзим ҳамда оилам учун энг тўғри қарорни қабул қиламан. Аммо ҳозирча бундай ҳолат йўқ. Мен ҳанузгача жамоанинг бир қисми эканлигимни ҳис қиляпман ва клубга белгиланган мақсадларга эришишда ёрдам бера олишимга ишонаман”, деди Фернандеш.
Фернандеш 2020 йил январида “Спортинг”дан 67,7 миллион фунт эвазига “Манчестер Юнайтед”га келган. Шу пайтгача у клуб сафида 100 та гол урган ва 87 та голли узатма амалга оширган. Унинг шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган бўлиб, яна бир йилга узайтириш имконияти мавжуд.
Маълумот учун, Буруно Фернандешнинг бугун, 25 октябрь кунги “Брайтон”га қарши учрашуви клуб таркибидаги 300-учрашуви бўлади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 21:30 да бошланади.