Британиялик инвесторлар Ўзбекистон евробондларининг асосий харидори бўлди
Жамият
−
14 Февраль 2019
7170Ўзбекистон ўз тарихида илк бор 1 млрд долларга тенг евробондларини чиқарди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон чиқарган евробондлар қимматли қоғозларнинг купонли даромад келтирувчи турига мансуб. Яъни, облигация эгаси даромадини аввалдан белгиланган фоиз ҳисобида олади.
Ўзбекистон 500 млн долларга тенг 5 йиллик еврооблигацияларни сотиб олган инвесторларга йилига 4,75 фоиз, 10 йиллик еврооблигацияларни сотиб олганларга йилига 5,375 фоиз тўлов тўлайди.
Лондон фонд биржаси маълумотларига кўра, қарз облигацияларини қайтариш муддати 2024-2029 йилларнинг февраль ойига белгиланган.
Дастлаб купонларнинг ҳажми мос равишда 5,625−5,75 фоиз ва 6 фоиз этиб белгиланган. Бироқ талабнинг юқорилиги сабабли Ўзбекистон фоизларни қайта кўриб чиқиб, 4,75 ва 5,375 фоизда тўхталган.
Географик томондан қараганда Ўзбекистон чиқарган 5 ва 10 йиллик евробондларинининг 39 ва 32 фоизини Буюк Британияда бўлган инвесторлар харид қилган. Америкалик инвесторлар 23 ва 31 фоиз, Европа континентидан бўлган инвесторлар 32 ва 27 фоиз, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари эса 6 ва 10 фоиз облигацияларни сотиб олган.
Евробондларнинг асосий харидорлари фонд бошқарувчилари (75-78 фоиз), суғурта компаниялари (20 фоиз), пенсия жамғармалари (16 фоиз), банк ва хусусий банклар (5 ва 6 фоиз) бўлган.
Аввалроқ, Ўзбекистон Молия вазири Жамшид Қўчқоров “Bloomberg” нашрига берган интервьюсида мамлакатнинг еврооблигациялар чиқаришдан асосий мақсадини маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь