Британияда биринчи марта чўчқа гриппи одамларда аниқланди
Олам
−
28 Ноябрь 2023
3366Британиянинг Шимолий Йоркшир округида чўчқа гриппи одамларда биринчи марта аниқланди. Бу ҳақда Буюк Британия Соғлиқни сақлаш хавфсизлиги агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, Буюк Британияда чўчқаларга таъсир қилувчи A(H1N2) гриппи вирусини юқтирган биринчи одам аниқланган. Бу 1b.1.1 вирусининг варианти бўлиб, бошқа мамлакатлардаги A(H1N2) гриппи билан касалланган одамларнинг ҳолатидан фарқ қилади.
Касаллик аниқланган одамда енгил нафас олиш билан боғлиқ муаммолар кузатилган ва у ҳозирда тўлиқ тузалиб кетган. Бемор билан алоқада бўлган шахслар эса кузатув остига олинган.
Агентлик мутахассислари ҳозирда патогеннинг хусусиятларини аниқлаш ва унинг инсон саломатлиги учун хавф-хатарларини баҳолаш устида иш олиб бормоқда.
“Стандарт гриппни кузатиш дастури ва геномик кетма-кетлик орқали биз вирусни аниқлашга муваффақ бўлдик. Бу Буюк Британияда биринчи марта одамларда аниқланди. Аммо у чўчқаларда топилган вирусларга жуда ўхшайди. Биз вирусни потенциал тарқалишини чеклаш учун фаол ишлаяпмиз”, деди UKHSA матбуот котиби Мира Чанд.
Маълумот учун, 2005 йилдан буён дунёда A(H1N2)гриппи вируси билан одамларнинг касаллиниши бўйича 50 та ҳолат қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда яна бир хавфли касаллик тарқалгани ва мамлакат шимолидаги шифохоналар болалар билан тўлиб кетгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди.
LiveБарчаси