Британия Россия билан бевосита курашиши керак
Олам
−
30 Январь 2023
9952Британия ҳукумати Россия билан бевосита қарама-қаршиликка тайёр бўлиши учун мудофаа харажатларини ошириши керак. Бу ҳақда бугун, 30 январь куни Британия парламенти Жамоатлар палатаси мудофаа қўмитаси раиси Тобиас Эллвуд “Sky News” телеканалига маълум қилди.
“Охир-оқибат Ғазначилик ва Даунинг стрит 10 (Бош вазир идораси) дунё ўзгараётганини тан олишлари керак. Биз содир бўлаётган воқеаларда иштирок этмоқдамиз, ҳатто ўз ҳаракатларимизни кучайтирдик ҳам. Ҳарбий таъминот жараёнларида ҳам биз Украинага жиҳозлар юбордик ва менимча, барча ишни Украина зиммасига юклагандан кўра, тўғридан-тўғри Россияга қарши туришимиз керак”, деди парламент аъзоси Британиянинг қуруқликдаги кучлари сони ҳозир жуда камлигини ва улар ишлатадиган ускуналар эскирганини эслатиб.
Эллвуд олдинроқ ҳам “янги совуқ уруш” шароитида Ғарб санкциялар ва Киевга қурол етказиб бериш билан чекланиб қолмаслиги ва янги стратегияга муҳтожлиги ҳақида бир қатор чиқишлар қилган эди. Унинг фикрича, Украина иттифоқчилари “тактикдан стратегик таъминотга” ўтиши ва давом этаётган можарода Россия Федерациясининг мағлубиятига имкон қадар тезроқ эришиши керак. Бу эса рус қўшинларини эгалланган барча ҳудудлардан чиқиб кетишини англатади.
Шунингдек, у Киевга кўрсатилаётган ёрдамни сезиларли даражада оширишни ва яқин орада НАТОга қўшилмаслиги аён бўлган Украинани Бирлашган Экспедиция Кучлари аъзосига айлантиришни таклиф қилган.
Маълумот учун, Бирлашган Экспедиция Кучлари Шимолий Европа давлатлари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик формати бўлиб, у мунтазам қўшма машқлар ва маслаҳатлашувларни ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Буюк Британия Украинага тўртта Challenger 2 танкларини юборишга қарор қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь