Британия нега Украинага қирувчи самолётлар беришга иккиланяпти?

Олам

image

Буюк Британия қирувчи самолётларини Украинага тезда топшириш ниятида эмас, чунки у махфий ишлаб чиқариш технологиялари россиялик мутахассислар қўлига тушиб қолишини ва ўз фуқароларини уруш ҳудудига самолётларга хизмат кўрсатиш учун жўнатишни истамайди. Бу ҳақда кеча, 22 февраль куни Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари Жеймс Хиппи маълум қилди.

“Самолётларни топшириш катта иш. Логистика, ёқилғи, таъмирлаш, муҳандислик ишлари, авионика (самолёт бортига ўрнатиладиган электрон тизимлар тўплами) – буларнинг барчаси катта куч ва тажриба талаб қилади. Бу эса одамларимизни Украинага жўнатиш демакдир. Чунки сиз учинчи ва тўртинчи авлод қирувчиларини улар билан ишлаш тажрибасига эга бўлмаган муҳандисларга топшириб, улардан бир нечта парвоз кута олмайсиз”, деган Жеймс Хиппи.

Шунингдек, у Британия расмийларининг украиналик учувчиларни НАТО қирувчи самолётларини бошқаришга ўргатиш ҳақидаги эълонига изоҳ берар экан, бу қадам самолётларни яқин келажакда Украинага етказилишини англатмаслигини таъкидлаган.

“Учувчиларни тайёрлаш тўғрисидаги қарор Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари таркибидаги жанговор самолётлар ва уларни бошқарувчи учувчилар сонидаги номутаносиблик сабаб қабул қилинди. Шу сабабли, сон жиҳатдан кўп бўлган учувчилар Украинани тарк этиб, бошқа самолётларда машғулотларни бошлаш имкониятига эга”, дейди вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 8 февраль куни Лондонда Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашув олдидан Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Киевга НАТО сафида хизмат қиладиган қирувчи учувчиларни тайёрлаш таклифи олинганини маълум қилган эди. Кейинроқ Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Лондон яқин келажакда Украинага қирувчи самолётларни ўтказиш ниятида эмаслигини айтганди.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Украина Британия қирувчи самолётлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг