Британия кимларни қиролнинг тож кийиш маросимига таклиф қилмади?
Олам
−
05 Май 2023
11969Буюк Британия қирол Чарльз III нинг Лондондаги тож кийиш маросимига Афғонистон, Беларусь, Венесуэла, Эрон, Мьянма, Россия ва Сурия давлат раҳбарларини таклиф қилмади. Бу ҳақда бугун, 4 май куни Буюк Британия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Тариқ Аҳмад маълум қилди.
“Буюк Британия билан тўлиқ дипломатик алоқаларга эга бўлган барча давлат раҳбарларига таклифномалар юборилди, бир нечта истиснолар бундан мустасно. Ҳамдўстлик ва Оролдан ташқари ҳудудлар ҳам ўзларининг конституциявий қоидаларига мувофиқ таклифномалар олди. Афғонистон, Беларусь, Мьянма, Россия, Сурия, Эрон ва Венесуэлага ҳеч қандай таклиф юборилмаган. Корея Халқ Демократик Республикаси ва Никарагуага эса Лондондаги дипломатик миссиялар раҳбарлари даражасида таклифномалар юборилди”, деган лорд Аҳмад.
Россиянинг Буюк Британиядаги элчиси Андрей Келин ҳозирги сиёсий шароитда тожга таклиф кутмаганлигини айтган.
Маълумот учун, 74 ёшли Чарльз III нинг тож кийиш маросими онаси қиролича Елизавета II (1926-2022) вафотидан 8 ой ўтиб, жорий йилнинг 6 май куни Вестминстер аббатлигида 200 дан ортиқ мамлакатдан 2,2 мингдан ортиқ киши иштирокида бўлиб ўтади. Меҳмонлар орасида қироллик оиласи аъзолари, 100 га яқин давлат раҳбарлари, Уэльс, Шотландия ва Шимолий Ирландиянинг биринчи вазирлари, Ҳамдўстлик мамлакатлари генерал-губернаторлари, йирик маъмурий бирликлардаги қирол лорд-лейтенантлари, Нобел мукофоти лауреатлари, турли черковлар, дипломатик корпус вакиллари, жамоат, хайрия ташкилотлари ходимлари бор.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден бир неча ҳафта олдин мамлакатнинг Биринчи хоними Жилл Байден тож кийиш маросимида ўз мамлакати вакили бўлишини эълон қилган эди.
LiveБарчаси