Британия Фаластинни тан олиш бўйича режа тузмоқда
Олам
−
29 Июль 1914 2 дақиқа
Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер жорий ҳафтада Фаластинни тан олиш режасини тақдим этиши мумкин. Бу ҳақда “The Times” газетаси хабар берди.
Газетанинг ёзишича, Стармер ўз ҳукумати ичида катта босим остида қолган. Вазирлар Фаластин давлатини тан олиш жараёнини тезлаштиришни талаб қилмоқда. Лейбористлар партиясидан 130 дан ортиқ депутат ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда ва бу йил якунигача амалга ошишига умид билдирмоқда.
Шу билан бирга, нашр Британия сентябрь ойида Фаластинни расман тан олишни режалаштирган Франция йўлидан бориши даргумонлиги ҳақида ёзган. Режа аниқ муддатлар ўрнига Фаластинни тан олишни Яқин Шарқда тинчликка эришиш воситаси сифатида қандай ишлатиш мумкинлигини кўрсатадиган шартларни ўз ичига олиши мумкин.
Қўшимча қилинишича, Британия Бош вазири яқин кунларда бу режани АҚШ ва араб давлатлари каби иттифоқчиларига тақдим этади. Режада фаластинликларнинг “ўз мустақил давлатини тузиш бўйича ажралмас ҳуқуқи” тан олиниши назарда тутилган.
Маълумот учун, 24 июль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини расман тан олиш ниятида эканини билдирган эди. У Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва тинч аҳоли учун ёрдам кўрсатиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса Франциянинг бу қарорига кескин қарши чиққан. Унинг айтишича, АҚШ расмийлари Фаластинни тан олиш бўйича Парижнинг қарорини қатъиян рад этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Стармер Х саҳифасида Фаластинни тан олиши мумкинлигини айтганди. Стармернинг сўзларига кўра, бу қарор икки давлат ўртасида тинч-тотув яшаш ва икки мамлакат халқларининг хавфсизлиги учун шароит яратадиган кенгроқ режанинг бир қисми бўлиши керак.
Live
Барчаси