Британия Эроннинг камикадзе дронлар ишлаб чиқарувчисига санкция жорий қилди
Олам
−
21 Октябрь 2022
4020Буюк Британия Эроннинг “Shahed” дронларини ишлаб чиқарувчи Shahed Aviation Industries компаниясига, шунингдек, Эроннинг бир қатор юқори мартабали мудофаа амалдорларига нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда Британия ҳукумати сайтида янгиланган санкциялар рўйхатида айтилган.
Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи, Таъминот, тадқиқот ва саноат хизмати бошлиғи генерал-майор Муҳаммад Бағирий, Эрон Мудофаа вазирлиги, бригада генерали Саййид Хожатуллоҳ Қурайши, шунингдек, Ислом инқилоби посбонлари корпуси Аэрокосмик кучлари (ИИПК, Эрон Қуролли Кучларининг элита бўлинмалари) қўмондонлиги бошлиғи, дронлар билан операциялар учун масъул, бригадир Генерал Саид Оғажонийга нисбатан Буюк Британияга киришни тақиқлаш ва агар топилса, активларни музлатиб қўйишни назарда тутувчи чекловчи чоралар қўлланилди.
Кеча, 20 октябрь куни эрталаб Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес Эрон Россияга учувчисиз учоқлар етказиб бераётганини айтганди. Ўз навбатида, Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амид Саид Иравоний Теҳрон Россияга Украинадаги можарода фойдаланиш учун дронлар бергани ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этишини таъкидлади. Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский ҳам бундай айбловларни рад этди.
Эслатиб ўтамиз, 17 октябрь куни Украина ҳудуди бўйлаб Киевга уюштирилган дронлар ҳужумлари ҳамда Днепр ва Суми вилоятларига ракета зарбаларидан сўнг ҳаво огоҳлантириши эълон қилинди. Украина пойтахтида ҳаво ҳужуми 3 соат 8 дақиқа давом этди, янги зарбалар соат 9:31 да берилди. Эрта тонгда сигнал қабул қилингани сабабли, душанба куни Киевдаги барча таълим муассасалари масофавий иш режимига ўтказилди.
LiveБарчаси