Британия Эрон сабабли Кипрга қирувчи самолётлар юборди
Олам
−
07 Февраль 2013 2 дақиқа
Буюк Британия АҚШнинг Эронга эҳтимолий зарбаси фонида хавфсизликни кучайтириш мақсадида Кипрдаги Акротири авиабазасига қирувчи самолётлар юборди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Times” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, олтита F-35B самолёти аллақачон оролда жойлашган Typhoon қирувчиларига қўшилади. Ироқ ва Сурияда зарба бериш ҳамда патруль вазифаларини бажараётган Typhoon’лардан фарқли равишда, энг янги F-35B’лар Эронга доир вазият кескинлашиб кетиши эҳтимолига қарши “суғурта” сифатида мудофаа ролида жойлаштирилган.
Кеча, 6 февраль куни АҚШнинг Теҳрондаги элчихонаси Америка фуқароларини зудлик билан Эронни тарк этишга чақириб, авиқатновлар бузилиши эҳтимолига қарши қуруқликдаги чегаралар орқали эвакуация режаси бўлишини тавсия қилди. Бунгача АҚШ Президенти Дональд Трамп Ислом Республикасига “жуда кучли зарба” бериш билан бир неча бор таҳдид қилган ва унинг қирғоқлари томон авиация ташувчи кема бошчилигидаги “улкан армада” ҳарбий кемалар юборилганини маълум қилган эди.
АҚШ, шунингдек, Яқин Шарққа қўшимча ҳаво мудофаа воситаларини, жумладан, THAAD мажмуасини ҳам кўчирмоқда – бу қўшинлар ва иттифоқчиларни Эроннинг эҳтимолий жавоб зарбасидан ҳимоя қилиш учун. Таҳдидларга жавобан Теҳрон АҚШнинг ҳар қандай янги ҳужуми минтақавий урушга олиб келишини огоҳлантириб, Форс кўрфазидаги Америка базаларига зарба беришга ваъда берди.
Шу фонда кеча, 6 февраль куни Уммонда АҚШ ва Эрон делегациялари ўртасида ядро дастури бўйича музокаралар бошланди. Бугун, 7 февраль куни Трамп Эрон “битим тузишни жуда хоҳлаётгани”ни, бироқ АҚШ Теҳрондан ядро қуролини ишлаб чиқишдан тўлиқ воз кечишни талаб қилиб, имзолашга шошилмаётганини айтди. Бунгача Трамп агар Вашингтон Теҳрон билан келишувга эриша олмаса, “ёмон воқеалар юз бериши”ни огоҳлантирган эди. Уммондаги музокаралардан сўнг АҚШ Эроннинг нефть экспортига қарши янги санкциялар эълон қилди.
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль