Британия AstraZeneca вакцинасини фавқулодда қўллашга рухсат берди
Олам
−
30 Декабрь 2020
2539Буюк Британия Ҳукумати шошилинч тарзда AstraZeneca фармацевтика компанияси ва Оксфорд университети томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинани маъқуллади.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги клиник синовлар пайтида вакцина хавфсизлигини кўрсатганини маълум қилган.
"Ҳукумат бугун Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини назорат қилиш агентлигининг Оксфорд университети ва AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишга рухсат бериш бўйича тавсиясини қабул қилди. Бу агентлик мутахассислари томонидан ўтказилган қаттиқ клиник синовлар ва маълумотлар таҳлилидан сўнг амалга оширилди, улар вакцина хавфсизлик, сифат ва самарадорликнинг қатъий стандартларига жавоб беради деган хулосага келишди", дейилган хабарда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Буюк Британияда коронавирус билан касалланганлар 2,39 миллиондан ошган. 71 минг 567 нафар бемор вафот этган.
Маълумот ўрнида, декабрь ойи ўрталарида мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хэнкок Буюк Британияда коронавируснинг янги тури пайдо бўлганини эълон қилди. Шундан сўнг, 20 дан ортиқ мамлакат Буюк Британия билан парвозларни тўхтатди.
Шунингдек, AstraZeneca ишлаб чиққан вакцинанинг нархи ҳам арзон. Компания пандемия вақтида препаратдан фойда олиш ниятида эмаслиги ва уни 4-5 доллардан сотишни режалаштирганини айтганди.
Шунингдек, AstraZeneca'нинг яна бир устунлиги шундаки, уни оддий музлаткичда сақлаш мумкин. Таққослайдиган бўлсак, Pfizer вакцинаси Цельсий бўйича -70 даражада сақланади.
Аввалроқ, AstraZeneca компанияси ўзининг коронавирусга қарши вакцинасини Россиянинг "Спутник V" вакцинаси билан комбинациясини ўрганиш ниятида эканини маълум қилган. Клиник синовларда 18 ёшдан катта кўнгиллилар иштирок этиши айтилган. "Спутник V" ишлаб чиқарилган Гамалей маркази раҳбари Александр Гинцбург вакциналарнинг дурагайлиги икки йил давомида иммунитет ҳосил қила олиши мумкинлигини айтган.
LiveБарчаси