Британия АҚШ таклифини рад этди – ОАВ

Олам

image

Буюк Британия АҚШ томонидан эълон қилинган Ҳормуз бўғозининг блокадасида иштирок этмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.

Британия ҳукумати вакилига кўра, Лондон денгиз қатнови эркинлигини қўллаб-қувватлайди ва Ҳормуз бўғозининг очиқ бўлиши жаҳон иқтисодиёти барқарорлиги ҳамда мамлакатда яшаш харажатларини пасайтириш учун муҳим деб ҳисоблайди. Шунингдек, у бўғоздан ўтиш учун тўлов жорий этилишини ҳам қабул қилиб бўлмас чора сифатида баҳолаган.

Манбага кўра, Британия Франция ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда денгиз қатнови эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича кенг коалиция тузиш устида ишламоқда.

Шу билан бирга, АҚШ Президенти Дональд Трамп аввалроқ Британия мина тозалаш кемаларини юборишини айтган. Нашр маълумотига кўра, Лондон аллақачон минтақада мина аниқлаш тизимларига эга.

Жорий йилнинг 11–12 апрель кунлари Исломободда АҚШ ва Эрон ўртасида музокаралар бўлиб ўтган, бироқ томонлар келишувга эриша олмаган. Шундан кейин Трамп музокараларни “ижобий” деб баҳолаган бўлсада, Эроннинг ядровий дастурдан воз кечмаслиги келишувни мураккаблаштираётганини айтган.

Шу фонда Трамп АҚШ флоти Ҳормуз бўғозини блокада қилишни бошлашини маълум қилиб, ҳеч бир кема бу ҳудудга кириши ёки чиқишига йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон эронлик ҳамкасби Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали бўлган мулоқоти чоғида Париж Ҳормуз бўғозида кемаларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашда ёрдам беришга тайёрлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Дональд Трамп Ҳормуз бўғози

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг